Жамият | 10:59 / 23.11.2020
36510
9 дақиқада ўқилади

1га 10 — 500 млн қарз учун 5 млрд сўмлик корхона тортиб олиниши мумкинми? Хоразмда мумкин

Тасаввур қилинг-а, сизнинг автомобилингизни кимдир гаровга қўйиб, арзимаган қарз олса ва орадан бир муддат ўтгач, ўша арзимаган қарзни уза олмагани учун сизнинг автомобилингиз қарз берувчига бериб юборилса. Бунда сизни ҳеч ким тингламаса, арзингизга ҳеч ким қулоқ осмаса! Энди хаёлингизга бироз эрк бериб, автомобил ўрнида бир неча миллиард сўмлик корхонани тасаввурингизга келтиринг.

Беихтиёр инсон ҳуқуқлари ва хусусий мулк давлат томонидан кафолатланадиган мамлакатда бундай бўлиши мумкин эмас, дегингиз келади. Тўғри, лекин афсуски, бу гап Ўзбекистонга тегишли эмас. Бундай ҳолатлар яқин тарихда кўплаб топилади. Бир неча йилдирки, ўз мулкидан худди шу йўл билан айрилган россиялик тадбиркор Эгамберган Жабборов ҳақиқат учун курашиб келмоқда.

Аммо, лекин, бироқ... ҳақиқат бозорда сотилмайдики, уни харид қилиб, керакли ўрнига қўйилса. Асли хоразмлик тадбиркор қисмати мисолида юқоридаги фикрларни асослашга уринамиз.

Kun.uz сайтида 2019 йил 25 сентябрда «Қонунларингиз амалда ишламаяпти». Хоразмда корхонани банкротлик ёқасига олиб келишда сунъий схемалардан фойдаланилганмиди?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Мақолада РФ фуқароси Эгамберган Жабборов мурожаати асосида «Хоразммахсустузатиш» ОАЖнинг қандай қилиб сунъий равишда банкрот қилингани, бир неча миллиард сўмлик корхона сохталаштирилган ҳужжатлар билан 500 млн сўм атрофидаги қарздорлик учун «Агробанк» АТБга бериб юборилгани маълум қилинганди.

Мақолада тадбиркор мулки қандай қилиб тортиб олингани батафсил ёритилгани боис, бу сафар банкротлик билан боғлиқ ҳолатларга чуқур тўхталмаймиз. Бу гал, корхона буюртма билан банкротликка олиб келинганини тасдиқловчи гувоҳ – 2009 йил 2 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Озод Адизов ҳамда корхона кредитори – суд адолатини талаб қилиб, турли даражадаги идораларнинг тақиллатмаган эшиги қолмаган россиялик тадбиркор Эгамберган Жабборовга қулоқ тутамиз.

«Кредиторлар рўйхатида маълумотларни сохталаштириб, банкнинг кредит бўйича талабларини 70 фоиздан ортиқ, дея ташкиллаштириб, дастлабки кредит миқдори 470 млн сўмлик кредит учун аслида бозор қиймати 5 млрд сўмдан юқори баҳоланувчи, 4 млрд 680 млн сўмлик корхонани тугатиш ишида банк балансига ўтказиб юборишга муваффақ бўлган.

Жиноий иш қўзғатилди, бироқ жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб келгани важи билан ишни қайта кўриб чиқиш рад этилмоқда», – дейди Адизов, 2009 йил 15 октябрга қадар корхонанинг банкротлик жараёнлари назоратини юритган мансабдор сифатида.

Корхонанинг банкрот бўлишига нима сабаб бўлганди?

«Оллоберган Ҳакимов 2008 йил февралда корхонага янги раҳбар сифатида тайинланган. У ўша йилнинг 22 февралида «Пахтабанк»дан бир йил муддат билан (ҳозирги «Агробанк») 350 млн сўм кредит олган. Орадан 1 йил ўтган бўлса-да, бир фоиз ҳам қайтарилмаган ва 2009 йил 26 феврал ҳолатига 358 млн сўмни ташкил этган.

Иккинчи масала. Ҳакимовдан олдинги раҳбар вақтида омборда катта миқдорда тайёр маҳсулот бўлган. Шундан 550 млн сўмлик маҳсулот пули олинмасдан (дебиторлик кредит) чиқариб юборилган.

Бу маҳсулотларнинг пули олинмаган бўлса-да, корхона уларни сотганини кўрсатгани сабабли солиқ идораси 139 млн сўмдан ошиқроқ даромад солиғи ҳамда ушбу солиқни тўламагани учун 47 млн сўмдан ортиқ пеня белгилайди», – дейди Озод Адизов.

«Корхонанинг 555 млн дебиторлик қарзи бўлган, уни ундирмаган, 716 млн сўмлик тайёр маҳсулоти бўлган, уни сотмайди», – дея аниқлик киритади Эгамберган Жабборов.

«Солиқ инспекцияси катта қарздорлиги боис, 2009 йилда ўша вақтдаги хўжалик судига даъво ариза киритади. Биринчиси қайтарилади, чунки бу вақтда корхона раҳбари турли идораларга мурожаат қилиб, солиқни ундириш бўйича ижро ҳаракатларини тўхтатиб туришга эришган бўлади. Солиқ инспекцияси томонидан иккинчи маротаба даъво аризаси киритилгач, хўжалик суди 2009 йил 26 июн куни корхонани банкрот деб эътироф этиш ҳамда тугатишга доир иш очиш бўйича қарор қабул қилади.

Чунки бу вақтга келиб, корхонанинг салкам 660 млн сўмлик муддати ўтган қарздорлиги бўлади. Шу билан тугатиш иш бошқарувчи тайинланади, корхона тўлиқ инвентаризациядан ўтказилади; аудиторлик текшируви ўтказилиб, кўплаб камчиликлар аниқланади. Олинган кредитлар мақсадсиз сарфлангани маълум бўлади», – дея ҳикоя қилади Озод Адизов.

Бироқ кўп ўтмай барчаси ўзгаради. Мол-мулклар баҳоланиб, очиқ аукцион савдоларига қўйилганига қарамай, 2009 йил 13 ноябрда ўтказилган кредиторлар йиғилишида, тасдиқланган тугатиш жараёни бузилган ҳолда, президентнинг 4010-сонли фармойиши билан тасдиқланган тартибга асосан, корхона мол-мулкини мулкий мажмуа сифатида банк балансига ўтказиш масаласи кўриб чиқилади.

Суҳбатдошимиз «Хоразммахсустузатиш» ОАЖ билан боғлиқ банкротлик ишида бевосита қонун бузилиш ҳолатларига ҳам тўхталар экан, айнан 4010-сонли фармойишни бажаришдан бош тортгани учун ҳам 2009 йил 15 октябрда лавозимини тарк этиш бўйича ариза ёзганини эслаб ўтди.

«Айнан қонун бузилиш жойларига тўхталсак. Кредиторлар йиғилиши қарор қабул қилади. Унга кўра, банкнинг мавжуд кредиторлик суммасини корхонанинг солиқ идорасидан қарздорлигини тўлаш эвазига сунъий равишда оширилган ва корхона мол-мулкини банк балансига ўтказишга қарор қилинган.

Бундан ташқари, ушбу йиғилиш қарорида «президент И.Каримов топшириқларига асосан» деган жумла киритилган. Яъни қонунбузарлар ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини президент топшириғи, деган ибора билан хаспўшлашга уринган», – дейди Адизов.

Хуллас, сохта ва ноқонуний ҳужжатлар асосида чиқарилган суд ажрими билан «Хоразммахсустузатиш» ОАЖ банкрот деб топилган ва президентнинг 2008 йил 18 ноябрдаги 4053-сонли фармони ва 2008 йил 19 ноябрдаги 4010-сонли фармойишига асосан, мулкий мажмуа сифатида «Агробанк» балансига берилган.

Кейинчалик, корхона негизида «Агробанк»нинг 100 фоиз улуш билан «Агро-махсус-тузатиш-созлаш» МЧЖ ташкил қилинган. 2013 йилда бу МЧЖ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Хоразм темир йўл қурилиш» унитар корхонасига сотилган.

«Биз Бош прокуратурага ёзганимиздан сўнг, ҳужжатларни кўриб чиқди ва жиноий иш очди. Бироқ ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 1-банди ҳамда 64- ва 374-моддаларига асосан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан банкротлик ишида ташқи бошқарувчи Янгибой Рўзметов қилмиши юзасидан жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.

Ушбу бошқарувчи барча ҳужжатларни сохталаштиргани прокуратуранинг ўрганишларида қайд этилган. 20 млрд сўмлик корхонамизни 4,5 млрд сўмлик корхона сифатида баҳолатган. Барчаси прокурор қарорида мавжуд», – дейди Эгамберган Жабборов.

Масаланинг муҳим қисми шундаки, тадбиркор мазкур ҳолатларни прокуратура эътироф этганини инобатга олган ҳолда, суд ишини янги очилган ҳолат бўйича кўриб чиқишни сўраётганига қарамай, унинг шикояти рад этиб келинмоқда.

Яъни, бугунги кунда мазкур банкротлик иши қалбаки ҳужжатлар асосида якунлангани эътироф этилгани, ишнинг қалбакилаштирилгани аён бўлгани ҳолда, афсуски, на прокуратура, на суд маҳкамаси масъулиятни зиммасига олиб, бу ишда ўша вақтда амалда бўлган қонунчилик талаблари ҳам қўпол равишда бузилганини тан олишга ё қурби етмаяпти, ёхуд истаги бўлмаяпти. Ё бўлмаса, шунчаки кўз юмишни маъқул кўрмоқда.

Алалоқибат, давлат улуши бўлмаган корхона, давлат улуши бор корхоналар учун чиқарилган қарор асосида банкротликка сунъий равишда олиб келинган. Натижада ўша вақт қийматида ҳам каттагина сумма бўлувчи корхонанинг кредитори маблағидан айрилиб турибди.

Шу ерда юқоридаги мисолимизга қайтсак. Хуллас, автомобил гаровга қўйилиб, катта қарз олингани рост, у сизники экани ҳам рост. Қарз олувчи-ю, мулкингиз кимга “ўтиб кетгани”, у машинани яна кимга сотгани ҳам маълум.  Булар ҳақида аввалги мақолада батафсил ёзилган. Лекин даъво муддати ўтиб кетган-да, ахир, тўғри тушунинг!

Сиз на машинангизни, на унинг пулини ола биласиз!

Бўлди, шу ерда гапни тугатамиз. Ортиқча гапга на ҳожат! Тадбиркор эса «адолат борми» деб умидвор кўзларини турли идораларга тикиш билан овора.

Дарвоқе: Бугунги кунда ушбу корхона негизида «Asia Construction Bridge Builder» МЧЖ фаолият юритиб келмоқда. Тадбиркор Эгамберган Жабборовнинг ягона истаги эса, унга етказилган моддий зарарни ундириш холос.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид