Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда экспортчи корхона газдан узилди. Тадбиркор экспорт шартномасини энди қандай бажаради?
Чўян қозонларини ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилишга ихтисослашган, мамлакатдаги кам сонли корхоналардан бири Асака шаҳар газ таъминоти идораси томонидан газ тармоғидан узиб ташланди. Тадбиркорга бир неча юз минг долларлик экспорт келишувларини бажара олмай қолиш ва энг ёмони, хорижлик харидорларини йўқотиш эҳтимоли хавф солмоқда.
Сарлавҳани ўқиб: «Совуқда табиий газ аҳолига етмаяпти-ку, корхонани қўйинг!» дейишингиз мумкин. Аммо тадбиркорлик, бу – иш ўринлари, аҳоли эҳтиёжининг қондирилиши, бюджетга солиқлар демакдир. Агар у экспортчи бўлса, мамлакатга валюта олиб кириши билан ҳам катта аҳамиятга эга.
Муаммоли вазиятда қолган «Қайта ишлаш анжом» МЧЖ Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган бўлиб, чўян қозонлар ишлаб чиқаради ва хорижга экспорт қилади.
Цехда 20 нафар ишчи чўян эритиш, қозон қуйиш ва тайёр маҳсулотга ишлов бериш билан банд. Корхонада кунига 50–60 тадан, ойига эса икки мингтага яқин қозон тайёрланади.



Тадбиркор айни пайтда Россиядаги ҳамкорлари билан 300 минг долларлик экспорт шартномасига эга. Бу эса мажбурият дегани.
14 ноябрь куни 11 минг долларлик маҳсулот жўнатилган. Ойнинг охирида яна 11 минг долларлик маҳсулот тайёрланиб, экспортга чиқарилиши керак. Лекин 19 ноябрь куни Асака шаҳар газ таъминоти идораси вакиллари келиб, корхонани тармоқдан узиб кетишди.

«Шу ойнинг 28-санасига экспортга катта миқдорда маҳсулот чиқаришимиз керак. Лекин 19 ноябрь куни газимизни узиб кетишди.
Асака шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдик. Уларга раҳмат, ҳаракат қилишди. Лекин шаҳар газ идораси уларнинг гапини инобатга олмади. Вилоят ҳокимлигига бориб, экспорт билан шуғулланадиган бўлимга кирдик. Улар ҳам телефон қилиб: «Корхонанинг экспорти бор, газини ёқиб беринглар», дейишди. Натижаси бўлмади.

Аҳолига газ етмагани сабабли газ таъминотини қисқартириш ҳақида буйруқ бўлган экан, шунга асосан газимизни узиб қўйишибди. Шу билан ишлаб чиқаришимиз тўхтаяпти. Ҳолбуки, биз вилоят ҳокимлигининг экспортёрлар рўйхатида бормиз. Газ йўқлиги сабабли ишимиз тўхтаб, Россия билан тузган шартномамиз бекор бўлиши мумкин», – дейди корхона иш юритувчиси Азизбек Исақов.

У газ тўловлари мунтазам равишда тўлаб келинаётгани, МЧЖнинг газдан қарзи йўқлигини қўшимча қилди.
Муаммо юзасидан изоҳ олиш мақсадида «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиалига бориб, филиалнинг юридик шахсларга табиий газ етказиб бериш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Қосимов билан суҳбатда бўлдик.

«Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали томонидан иситиш мавсуми бошлангани муносабати билан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига бир меъёрда табиий газ босимини етказиб бериш бўйича бир қанча тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу бўйича қиш мавсумида табиий газ етказиб бериш кафолатланмаган улгуржи истеъмолчилар – ошхоналар, чойхоналар, буфетлар, офислар ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари табиий газ тармоғидан тўхтатилмоқда.

Асака туманидаги «Қайта ишлаш анжоми» хусусий корхонасига ҳам табиий газ етказиб бериш тўхтатилди. Ушбу ишлаб чиқариш корхонаси билан 2020 йил 12 август куни ўзаро табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, шартноманинг 2-боб 2.4 бандида ҳам қиш мавсумида, яъни иситиш мавсуми бошланган даврда табиий газ тармоғидан тўхтатилиб, қўшимча ёқилғига ўтказиш бўйича бандлар белгилаб берилган.
Ушбу истеъмолчига табиий газ етказиб бериш бўйича техник шартга асосан, қиш даврида иситиш мавсуми бошлангандан сўнг табиий газдан фойдаланмаслик, қўшимча ёқилғи захирасини жамғариш бўйича талаблар қўйилган.


Ушбу истеъмолчига тақдим қилинган техник шарт ҳамда табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома талабларига рози бўлганидан сўнг ушбу истеъмолчи билан шартнома имзоланган», – дейди «Ҳудудгаз Андижон» расмийси.
Энергетика вазири Алишер Султоновнинг буйруғи билан шу йилнинг 26 октябридан бошлаб Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар табиий газ етказиб бериш чекланишидан огоҳлантирилганди. Вазирликнинг ташаббуси кейинчалик маҳаллий бошқарув органларига ҳам қўл келиб, тадбиркорлик субъектлари, хусусан ресторан, кафе, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ва турли ишлаб чиқариш корхоналарига етказиб берилаётган ёқилғи камайтирилди, ё батамом тўхтатилди.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси Баҳодир Эшмуродовнинг маълум қилишича, тадбиркорлик субъектларида чеклов асосан ўчоқ билан боғлиқ нарсаларга бўляпти.
«Сомса ёки бошқа нарсалар пиширишяпти. Оқилона фойдаланиш даражаси паст бўлган, исрофгарчилик жуда катта бўлган жойларда чеклов бўляпти», – деди у.
Шу ўринда савол туғилади: «Қайта ишлаш анжоми» хусусий корхонаси раҳбарининг «Ҳудудгазтаъминот» таклиф этган шартнома шартларига кўнмасдан бошқа танлови бўлганми?
Монополист ташкилот вакиллари шартномани пеш қилгунча, унинг бандлари тадбиркорлар учун нобоп эканини тан олишлари лозим эмасми?
Айни чоғда, дунё бозорида табиий газга талаб камайганига қарамай, Ўзбекистон ички бозорида таклиф кўпаймаган.
2020 йил январ-октябр ойларида табиий газ қазиб олиш ўтган йилги 50,1 миллиард куб метрдан 40,4 миллиард куб метрга тушиб қолган. Газ конденсати қазиб олиш ҳажми ҳам сезиларли (1,7 млн тоннадан 1,1 млн тоннага) камайган.
Мамлакат энергетика соҳаси масъулларида аҳоли саволларига, йиллардан бери сўраладиган «Қачон?!» сўроғига аниқ жавоб бормикин? Энг элементар шароитлар – газ ва электр энергияси муаммо бўлган жойда, тадбиркорларга яратилган шароитлар ҳақида ахир қандай қилиб жар солиш мумкин?



Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.
Мавзуга оид
14:04 / 11.06.2026
Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида юқори тезликдаги поездлар қатнови режа қилинмоқда
13:28 / 11.06.2026
Андижондаги поликлиникада фожиа: 4 киши вафот этди
22:12 / 06.06.2026
Андижонда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилган ИИБ ходими қамоққа олинди
12:31 / 02.06.2026