Тожикистон миллий валютаси бир кунда деярли 10 фоиз қадрсизланди. Сабаблар ва оқибатлар
Ноябр ойи бошларида Тожикистон миллий банки мамлакат миллий валютаси сомонининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини сезиларли даражада пасайтиришга мажбур бўлди. Бу эса «қора бозор»да доллар курси ва бозорларда аҳоли эҳтиёжи учун бирламчи бўлган муҳим маҳсулотларнинг нархи ошиб кетишига олиб келди.

Фото: pamirdaily.com
4 ноябр куни Тожикистон миллий банки валюта курси бўйича бир марталик нарх шакллантиришни амалга оширди. Оқибатда, миллий валюта сомони долларга нисбатан қарийб 10 фоизга қадрсизланди ва 1 доллар нархи 10,33 сомонидан 11,3 сомонигача кўтарилди. Ўша куни сомони нафақат долларга нисбатан, балки Россия рубли ва еврога нисбатан ҳам кескин қадрсизланди. Сомонининг рублга нисбатан расмий курси бир суткада 11,8 фоиз (0,127 дан 0,422 сомонигача), еврога нисбатан эса 9,2 фоиз (12,04 дан 13,15 сомонигача)га пасайди.
Шу тариқа, жорий йил бошидан буён Тожикистон миллий валютаси долларга нисбатан 16,6 фоизга қадрсизланди. 2019 йилда сомони долларга нисбатан атиги 2,8 фоизга қадрсизланган эди.
Тожикистон миллий банки янги нарх шакллантирилишини банклардаги расмий курс ва «қора бозор»даги нархлар ўртасида мавжуд бўлган сезиларли фарқни бартараф этиш зарурати билан изоҳлади. Шунингдек, мамлакат ташқи савдо айланмасининг салбий сальдоси, пандемия оқибатида хориждан пул ўтказмалари ва инвестициялар оқими пасайиши сабаб қилиб кўрсатилди.
Бундан ташқари, мазкур иш мамлакат банк тизими орқали пул оқимининг кўпайишига, чет элдан пул ўтказмаларини юборувчилар манфаатларини ҳимоя қилишга, пул операцияларининг шаффофлигини таъминлашга ва долларнинг банкдан ташқари айланишини камайтиришга имкон беради, деб изоҳланди.
Тожикистон миллий банки аслида расмий курсни белгилаш учун эталон сифатида «қора бозор»даги нархларни олади. 4 ноябргача расмий курс ва «қора бозор» курси ўртасидаги фарқ аллақачон 10 фоизга етган эди. Миллий банк ана шу 10 фоизлик фарқни йўқотиш учун долларнинг расмий курсини кўтаришга мажбур бўлди.
Янги курс шакллантирилганда, сомонининг долларга нисбатан расмий ва банкдан ташқари курси ўртасидаги (яъни «қора бозор»даги) фарқ 2 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилди.
Тожикистон миллий банки жорий йил 20 мартда ҳам миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан янги нархини шакллантирган эди. Ўшанда миллий банк томонидан сомони сунъий қадрсизлантирилиб, расмий ва норасмий курс ўртасидаги фарқни йўқотиш учун доллар нархи 5 фоизга оширилганди.
«Қора бозор»
Бугун Тожикистонда валюта айирбошлашнинг «қора бозор» кўриниши жуда ривожланган. Бу бозорда фаолият олиб бораётган шахсларнинг асосий қисмини 2016 йилгача қонуний тарзда валюта айирбошлаш шохобчалари очиб ишлаган шахслар ташкил этади.
Тожикистонда 2016 йилгача жисмоний шахсларга ҳам қонуний рухсатнома асосида валюта айирбошлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилганди. Исталган шахс тегишли лицензия билан валюта айирбошлаш шохобчасини очиб фаолият кўрсатиши мумкин эди. Ўшанда Тожикистонда қонуний ва самарали ишлаган бундай шохобчаларнинг сони 1,5 мингдан ортиқ бўлган.
Хусусий валюта айирбошлаш шохобчалари ёпилгандан сўнг, ишсиз қолган валютафурушлар яширинча ишлашга ўтишди. Энди улар қонунни бузиб бўлса-да бозорларда, одамлар гавжум бўладиган жойларда ўз фаолиятини давом эттира бошлади. Оқибатда, давлат хусусий валюта шохобчалари очиб ишлаётган шахслар тўлайдиган солиқлардан қуруқ қолди. Иккинчи тарафдан, мамлакат ҳудудида муомалада бўлган долларнинг катта қисми «қора бозор» орқали айланадиган бўлди.
Бугунги кунда Тожикистонда валюта олди-сотди қилинадиган «қора бозор» гуллаб-яшнамоқда. Аксарият «долларфуруш»лар аввал қонуний тарзда ишлаган давридагидан кам бўлмаган «оборот» билан ишламоқда. Уларнинг айримлари ўзининг валюта захирасини тижорат банклари ходимлари ёрдами билан тўлдиришини ва ходимга «ёрдами учун» фойдасидан ҳисса ажратишини айтади.
Сўнгги нарх шакллантирилиши натижалари

4 ноябрда амалга оширилган нарх шакллантирилиши тижорат банкларидаги сомони курсига жиддий таъсир кўрсатди. Масалан, Эсхата банкида долларни сотиб олиш ва сотиш курси 11,31 – 11,33, Арванд банкида 11,32 – 11,33 Микромолиялаштириш банкида 11.30 – 11.33 сомони бўляпти. Аксарият банклар бугун мамлакатда валюта тақчиллиги сабабли фақат доллар сотиб оляпти. Сотиш учун валюта йўқ. Айрим банклар фақат эрталаб 1-2 соат чекланган миқдорда, киши бошига 100 ёки 200 доллардан валюта сотмоқда. Банкдан кунига атиги бир неча киши доллар сотиб олиши мумкин.
Тожикистон миллий банки мамлакатдаги доллар танқислигига изоҳ берар экан, ҳолатни пандемия шароитида мамлакат иқтисодиёти орқага кетгани, экспорт кўрсаткичлари пасайгани ва меҳнат муҳожирлари Тожикистонга жўнатаётган пуллар оқими сезиларли равишда камайганига боғлайди. Доллар танқислигининг яна бир сабаби давлат бюджети ҳисобидан стратегик объектларни қуриш ва давлат қарзларини тўлаш учун сарфланадиган валюта харажатларининг ўсиши деб баҳоланади.
Тожикистон миллий банки маълумотларига кўра, мамлакатда кунлик валюта дефицити, мавсумга қараб, 8-25 миллион долларни ташкил этади. «Ушбу дефицитни қоплаш манбайи – бу Тожикистон миллий банкининг олтин-валюта захиралари, банклар томонидан чет элдан жалб қилинган қисқа ва узоқ муддатли кредитлар, аҳолининг банклардаги депозитлари ҳамда жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари», дейилади миллий банк ахборотида.
Жорий йилнинг 9 ойида валюта курсини олтин-валюта захиралари ҳисобидан барқарорлаштириш учун Тожикистон миллий банки 104,3 миллион доллар ишлатган.
Бир кунлик сукунатдан сўнг, 5 ноябр куни расмий курс бозор курсига тенглаштирилиши ортидан, одатда танқислик кузатилмайдиган «қора бозор»да доллар нархи 11,3 сомонидан 11,6 сомонига ошди. Оқибатда, аҳоли эҳтиёжлари учун бирламчи зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Бундан ташқари, импорт ва маҳаллий маҳсулотлар нархи ҳам ошди.
Импорт маҳсулотларини сотувчи савдогарлар доллар нархи ошган заҳоти ўз маҳсулотларининг нархини оширишди. Бунга изоҳ сифатида улар, сотадиган маҳсулотлари чет эл валютасига сотиб олинишини сабаб қилиб келтиришди.
Ундан сўнг, мева ва сабзавот сотадиганлар ҳам нархларни кўтаришди. Импорт товарларнинг нархи ошганда улар ҳам ўз маҳсулотлари нархини оширишга мажбур бўлишларини айтишади.
«Агар доллар кўтарилиши ортидан хориждан импорт қилинаётган маҳсулотлар нархи ошса, биз ҳам ўзимиз сотаётган маҳсулотлар нархини оширишга мажбур бўламиз. Акс ҳолда, биз аввалги даромад билан бирламчи зарур эҳтиёжимизни ҳам қондира олмаймиз», дейди қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотувчи тадбиркор.
Миллий валюта қадрсизланган илк кунларда хориждан келтирилган маҳсулотлар нархи унча ўзгармаслиги мумкин. Нархлар ошишини кейинроқ, хорижий маҳсулотларнинг янги партиялари келганда кўриш мумкин. Тожикистонга деярли барча тайёр маҳсулотлар четдан келтирилиши инобатга олинса, миллий валютанинг қадрсизланиши истеъмол товарлар нархини ошириб, халқнинг харид қилиш қобилиятини пасайтириб бораверади.
Мутахассислар нима дейди?
Иқтисодий таҳлилчи Нур Сафаров Тожикистон валюта бозоридаги ўзгаришларни тўғридан тўғри Россия рублининг долларга нисбатан курси билан боғлайди. Унинг айтишича, Тожикистондаги валюта курси билан боғлиқ ҳолат Россиядаги жараёнларга боғлиқ. Россия Тожикистоннинг йирик савдо ҳамкори, ишчи кучи экспорт бўладиган муҳим бозори ва мос равишда валюта келадиган асосий мамлакат ҳисобланади.
Таҳлилчи яқинда Россияда рублнинг долларга нисбатан қадрсизланганини эслайди. «Умуман олганда, заиф иқтисодиёт, унча кучли бўлмаган экспорт салоҳияти ва импортга катта боғлиқлик доимий равишда сомонига валюта курси босимини ўтказади. Оқибатда, миллий банк валюта курсини вақти-вақти билан пасайтиришга мажбур бўлади», дейди у.
Таҳлилчининг таъкидлашича, сомонининг қадрсизланиши биринчи навбатда аҳолининг харид қилиш қобилияти пасайишини англатади. Сомонининг қадрсизланиши аввало аҳолининг энг заиф қатламлари: пенсионерлар, нафақахўрлар, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа барча давлат хизматчиларининг даромадларига таъсир қилади. Тожикистонда иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва бошқа тўловлар миллий валютанинг қадрсизланишига қараб оширилмайди.
Сафаровнинг сўзларига кўра, бундай ҳолларда тадбиркорлар вазиятга етарлича тез реакция кўрсатади, нархларни ўзгартиради ва валюта бозоридаги шароитларга мослашади.
Иқтисодчи Саиджон Носиржонов миллий валюта курси мамлакат иқтисодиётининг ҳолати билан белгиланишини таъкидлаб, мавжуд молиявий-иқтисодий шароитда миллий банк томонидан валюта курсининг шакллантирилишини табиий ҳол деб билади. Бундан ташқари, унинг фикрига кўра, ҳозирги шароитда ҳукумат режалаштирилган бюджетни молиялаштириши, шу жумладан, бюджет ташкилотларида ишловчиларнинг иш ҳақини белгиланган вақтда тўлаб беришни таъминлаши жуда муҳим.
Молия мутахассиси Дилшод Шарафов эса бундан беш йил олдин амалда бўлган эркин валюта айирбошлаш бозорига қайтиш ва жисмоний шахсларга лицензия асосида валюта бозорида иштирок этиш имкониятини бериш керак деб ҳисоблайди.
«Валюта айирбошлашдаги турли қонунбузарликларнинг олдини олиш учун биз 2016 йилгача мавжуд бўлган – эркин валюта айирбошлаш тизимига қайтишимиз керак. Балки, ҳозирги бозор шароитида валюталар курси бугунги курслардан бироз юқорироқ бўлиши мумкин. Бироқ ана шунда сомонининг турли валюталарга нисбатан ҳақиқий курси шаклланарди ва валюта дефицити деган нарса умуман бўлмасди», дейди Дилшод Шарафов.
Тавсия этамиз
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади
Ўзбекистон | 10:56 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Мавзуга оид

07:34 / 16.04.2025
Хивада Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди

16:09 / 15.04.2025
Жаҳон банки Роғун ГЭСини қайта текширмоқчи. Бунга экспертлар фикри қандай?

08:57 / 14.04.2025
Тожикистонда учинчи зилзила юз берди

17:43 / 13.04.2025