Жаҳон банки Тожикистоннинг Роғун ГЭС лойиҳалари қайта текширилиши ҳақида маълум қилди. Бунга ўзбек ва туркман фуқароларининг қўшма шикояти сабаб қилиб кўрсатилган.  Ташаббусни АҚШ молиялаштирадиган нодавлат ташкилот “Чегарасиз дарёлар” қўлламоқда. Ташкилот вакиллари Жаҳон банкидан ГЭСнинг экологик хавфларини қайта баҳолашни жиддий сўраган. Тожикистонлик эксперт эса буни Марказий Осиё бирлигига яна нифоқ солишга уриниш дея атади.

Роғун ГЭСи бугун Тожикистон учун стратегик аҳамиятга эга, унинг қайта текширилиши, қурилиш тўхташи ёки молиялашувнинг узилишидан расмий Душанбе манфаатдор эмас. ГЭС тўғон типида қурилмоқда ва қурилиши тугаллангач Роғун дунёдаги энг баланд тўғонга айланади. ГЭС қуриладиган ҳудуд юқори сейсмик, кўчки ва сел оқимлари зонасида жойлашгани, тўғон пойдевори остида тектоник ёриғи борлиги сабаб хавфсизлик нуқтайи назаридан танқид қилиб келинади.

Қурилиш бугунгача бир неча маротаба тўхтатилиб, яна давом эттирилган. Масалан, 2010 йилда ГЭС қуриш учун аҳолидан пул йиғиш катта норозилик кайфиятини келтириб чиқарган ва қурилиш маълум муддатга тўхтатилган. Сўнгра Тожикистон Жаҳон банки молиявий ёрдами эвазига ГЭС қурилишини давом эттиришга қарор қилади. Бироқ 2015 йилнинг август ойида Ўзбекистон ҳукумати экспертларнинг фикрини номақбул деб топиб, бу ГЭС қурилишига рози эмаслигини эълон қилади. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида Тожикистон билан алоқаларнинг совуқлашиши ва икки давлат раҳбарларининг бир-биридан юз ўгириши сабаблари рўйхатида Роғун ГЭСи масаласи ҳам бўлган.

2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистон алоқалар аста-секин мутлақ нормаллаша бошлади. Бугунги маъмурият Роғун ГЭСи қурилишига қарши кайфиятда эмас дея оламиз.

ГЭСни қайта текшириш шикоятида келишича, Роғуннинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфлари “катта” ҳамда “қайтарилмас” бўлиши мумкин. Даъвогарлар манфаатларини “Чегара билмас дарёлар” коалицияси ҳимоя қилмоқда. Бу текширув ГЭС лойиҳаси Жаҳон банкининг ижтимоий ва экологик стандартларига қанчалик мос келишини аниқлаб беради.

Аҳоли шикоятига кўра, Жаҳон банки Роғун ГЭСни қуришга пул ажратиш қарорини нотўғри баҳолаш асосида қабул қилган. Молиявий ташкилот эски ва тўлиқ бўлмаган маълумотларга таянган, лойиҳа Амударё ҳавзасидаги табиат ва одамлар ҳаётига қандай хавф туғдиришини етарлича кўрсатмайди, дейилади нодавлат нотижорат ташкилоти хабарида.

Сўровда Роғун ГЭСи қурилиши оқибатида Амударёга сув оқими 25 фоизгача камайиши ва бу ҳолат минтақада экологик фалокатга олиб келиши мумкинлиги қўшимча қилинган. Бундай ўзгаришлар чўлланиш ва шўрланишни кучайтириб, Ўзбекистон ва Туркманистондаги 8-10 миллион аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади.