Жаҳон | 15:38 / 24.11.2020
4397
2 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқ ҳимоячилари Лондонни Ар-Риёд ва Абу-Дабига қурол сотишни тўхтатишга чақирди

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Саудия Арабистони ва БАА Ямандаги кўп йиллик низоларга алоқадорлиги боис Буюк Британияни бу мамлакатларга қурол сотишни тўхтатишга чақирди.

Фото: Anadolu Agency

Буюк Британия Human Rights Watch ва Amnesty International каби ташкилотлар чақириғига қулоқ солиши ҳамда Саудия Арабистони ва БААга қурол сотишни тўхтатиши керак, дейилади SAM ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ва Британиянинг тинчлик ва демократияни қўллаб-қувватлаш ташкилоти ҳисоботида.

Ҳисоботда айтилишича, 2010-2019 йилларда Буюк Британия томонидан сотилган қуролларнинг 41 фоизини Саудия Арабистони олган. 

Бундан ташқари, Саудия Арабистони қурол импортининг 19 фоизи Буюк Британия ҳиссасига тўғри келади. 

Расмий маълумотларга кўра, Британия компаниялари Саудия Арабистонига қиймати 3 млрд фунт стерлингга тенг самолёт, вертолёт ва ҳарбий қурилмалар ҳамда қиймати 2,5 млрд фунт стерлингга тенг бомба, ракета ва қўл гранаталари сотган.

Яманда қуролли ҳаракатлар бошланганидан буён Саудия Арабистонига камида 16 млрд фунт стерлингга тенг қурол-яроғ сотилган.

Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, БАА Ямандаги низоларга борган сари кўпроқ аралашмоқда.

Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти ҳисоботига кўра, БАА 2015-2019 йилларда қурол сотиб олиш бўйича дунёда етакчи бўлган.

Яманда араб коалицияси операцияси бошланганидан буён БАА Буюк Британиядан қиймати 715 млн фунт стерлингга тенг қурол сотиб олган.

Яманда 2014 йилдан буён «Ансаруллоҳ» шиалар ҳаракати ва ағдарилган президент Али Абдуллоҳ Солиҳ тарафдорлари, бошқа томондан президент Абдурабб Мансур Ҳодига содиқ ҳукумат қўшинлари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, олти йиллик низо давомида Яманда 112 минг киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид