22:38 / 27.11.2020
9312

Ўзбекистоннинг 5 та шаҳрида иситиш тизимини янгилаш лойиҳаси қайси босқичда экани маълум қилинди

2019–2023 йилларда амалга ошириладиган лойиҳа асосида, Чирчиқда қурилиш ишлари бошланган. Бухоро бўйича пудратчи билан битим тузилган. Йил охиригача Андижонда тендер эълон қилинади. Кейинги босқичлар – Тошкент ва Самарқанд юзасидан ҳозирча тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида Тошкент, Чирчиқ, Андижон, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

2019 йил апрелида бу борада ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 220,7 млн доллар бўлиб, шундан 140 млн доллари – Жаҳон банки кредити (тўлаш муддати – 2047 йилгача).

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов бу борадаги ишлар қандай кетаётгани бўйича Kun.uz'га маълумот берди.

«Жаҳон тажрибасини ўрганганимизда, энг самарали тизим бу марказлашган иссиқлик таъминоти экани маълум бўлди. Биз эътибор беришимиз керак бўлгани – бугунги иссиқлик таъминоти тизими собиқ иттифоқ даврида, 60–70-йилларда ташкил этилган ва у ўта кўп энергия сафланишига асосланган.

Янги қурилиш ишлари замонавий технологияларни жорий этиш асосида амалга ошириляпти. Бунда газ ва электр тежамкорлигига алоҳида эътибор қаратиляпти. 2020 йилда бевосита қурилиш-монтаж ишлари бошланди. Иссиқлик таъминоти соҳасига бугунги кунгача хориж сармоялари ва кредитлари жалб этилмаган эди», – деди Аҳмедов.

Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа ушбу 5 та шаҳарда тўлиқ амалга ошса, йилига 1 млн кубометрдан ортиқ газ тежалади. Замонавий қувурлар ўрнатилиши натижасида иссиқлик энергияси сарфи ҳам сезиларли камаяди.

Ҳозирги вақтда Чирчиқ шаҳрида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган. Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида тендер жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

«Лойиҳада нафақат иссиқлик таъминоти корхонаси қозонхоналарини янгитдан қуриш назарда тутиляпти, балки уйларнинг ички иситиш тизимларини ҳам қайтадан мукаммал таъмирлаш ва янгитдан ташкил этиш масласи ҳам қўйилган. Бунда ҳам ҳар бир кўпқаватли уйга иссиқлик пунктлари ўрнатилади.

Қурилиш ва модернизация ишларини 2023 йил охирида тўлиқ якунлаш режалаштирилган», – деди вазирлик расмийси.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида 5 та шаҳарда иссиқлик таъминотининг очиқ тармоқли тизимидан ёпиқ тармоқли тизимига ўтилади. Иситишга замонавий технологияни татбиқ этиш орқали 1855 та кўп хонадонли уйларидаги 84 786 та хонадон ҳамда 193 та ижтимоий объектлар иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан қамраб олинади.

Ишларнинг биринчи босқичини Чирчиқ шаҳрида амалга ошириш бўйича «Mimsan Endustri Kazanlari Sanayi ve Ticaret A.S.» (Туркия) компанияси билан 4,9 млн долларлик шартнома имзоланган ва қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Шартнома асосида «Юбилейная» қозонхонасида умумий қуввати 75 МВт бўлган 3 та қозон, 13 та кўп қаватли уйларда индивидуал иссиқлик шитларини ўрнатиш ва 2 км иссиқлик қувурларини алмаштириш режалаштирилган. Лойиҳа 2021 йил якунланиб ишга топширилади.

Иккинчи босқичи Бухоро шаҳри «Бухороэнергомарказ» АЖ корхонаси иссиқлик энергияси билан таъминлайдиган 202 та кўп қаватли уйларга ва 29 та ижтимоий соҳа объектларига 264 та индивидуал иссиқлик шитларини ўрнатиш бўйича халқаро тендер савдолари асосида пудратчи компания аниқланиб, 11 ноябр куни 3,9 млн долларлик шартнома имзоланди.

Учинчи босқич Бухоро шаҳрида 5,6 км иссиқлик узатиш тармоқларини алмаштириш бўйича жорий йил 16 ноябрда тендер савдоларига эълон берилди. Таклифларни тақдим этишнинг охирги санаси 30 ноябр этиб белгиланди.

Лойиҳанинг қолган босқичлари бўйича халқаро консультант компания томонидан тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Йил якунигача Андижон шаҳрида 110 МВт қувватга эга учта янги қозон ўрнатиш, 271 та кўп қаватли уйларга ва 30 та ижтимоий соҳа объектига 373 та ИИШлар ўрнатиш ва 24,1 км иссиқлик қувурларини алмаштириш бўйича учта пакетга тендер савдолари эълон қилинади.

Top