Ўзбекистон | 19:27 / 27.11.2020
15305
4 дақиқада ўқилади

Уй, иш, прописка, берилмаётган иш ҳақи... Тошкент шаҳар “тўртлиги” оммавий қабулда қандай мурожаатларни кўриб чиқди?

26 ноябр куни Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтган оммавий қабулда Тошкент шаҳрининг сектор раҳбарлари ва мутасаддилар аризачиларни қабул қилишди. Жумладан, сайёр қабулда ўзининг икки нафар ўринбосари билан бирга тадбирда иштирок этган Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев дўстлари билан бир ойда давомида қурилишда ишлаб, иш ҳақини ундира олмаётган сурхондарёлик Дилмурод Норқуловнинг арзини тинглади.

«Пул ундириш масаласида келгандим. Ўн киши бир ой давомида Шайхонтоҳур туманида Камолон маҳалласидаги қурилиш фирмаларида ишладик. Бироқ келишилган ишни бажариб бўлганимиздан сўнг орадан бир неча ой ўтса ҳамки иш ҳақимизни ололганимизча йўқ. Шундан бери Сурхондарё – Тошкент ўртасида сарсонман. 28 кун аввал Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига ариза билан мурожаат қилгандим, бироқ ҳалигача жавоб ололмадим.

Бир ойлик ишимиз учун 49 млн 500 минг сўм бериши керак. Ўртада оғзаки келишув бўлган. Бироқ иш берувчи келишувдан тонмоқда. Ўн киши ишлаганмиз, 393 квадрат метрлик иш ҳажмини бажарганмиз. Лекин иш берувчи менинг иш ҳақимни беряпти, қолган шерикларимни танимайман деяпти. Мен 10 кишига бригадир бўлиб, 10та квартиранинг ишини қилганмиз», – дейди жабрланувчи.

Баҳриддин Валиев мазкур мурожаат бўйича ҳужжатларни 5 кун ичида ўрганиб, Дилмурод Норқуловнинг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси киритиш бўйича шаҳар прокуратурасининг масъул ходимларига топшириқ берди.  

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азиз Тошпўлатов туризм полициясига ишга кириш истагида қабулига келган қашқадарёлик йигит билан инглиз тилида мулоқот қилди. Унинг билим даражасидан қониқиш ҳосил қилгач, унга айни пайтда у хоҳлаётган хизматда бўш иш ўрни мавжуд эмаслигини айтиб, вақтинча бошқа йўналишда ишлаб туришни таклиф қилди.

«Қашқадарё вилоятиданман. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов оммавий қабул ўтказаётганини эшитиб, иш сўраб мурожаат қилдим. Туризм полициясига ишга кирмоқчи эдим. Аммо айни пайтда бу йўналишда бўш иш ўрни йўқлиги сабабли менга профилактика инспектори бўлиб ишлашни, кейинчалик вакансия пайдо бўлиши билан бошқа хизматга ўтишим мумкинлигини айтишди. Асосий мақсадим – қайси хизмат бўлмасин, ички ишлар тизимига ишга кириш», – дейди Акбаржон Худойбердиев.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўрнига унинг биринчи ўринбосари Ҳотамбек Шокиров, шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат Турсунов оммавий қабул давомида ўз йўналишлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишди. Жумладан, ҳоким ўринбосари қабулида асосан уй-жойга муҳтож, ижтимоий ҳимоя олиш истагидаги фуқароларни учратган бўлсак, солиқ бошқармаси бошлиғи аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ тўловлари билан боғлиқ арзларини тинглади.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрдан Тошкент шаҳрининг 11 туманида президентнинг халқ қабулхоналари томонидан оммавий қабуллар ҳафталиги ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида одамлар ҳудудларнинг халқ қабулхоналари, тўртта сектор раҳбарлари, ҳудудий бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари билан учрашиб, ўзларини қийнаётган муаммоларга ечим излашмоқда.

Умуман, сектор раҳбарларининг аҳоли билан жонли мулоқоти давомида кўпдан бери ечимини кутаётган қатор масалаларга ечим топилгани, ижроси маълум вақт талаб қиладиган мурожаатлар эса раҳбарлар томонидан алоҳида назоратга олинаётгани эътиборга молик. Фикримизча, қуйи бўғинлардаги раҳбарлар зиммаларидаги вазифаларини сидқидилдан адо этишга одатланишса, бундай оммавий қабулларга ҳожат ҳам қолмайди.

Мавзуга оид