Жаҳон | 22:48 / 30.11.2020
2294
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда жамоат жойларида 2 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилиш тақиқланади 

Ҳонгконг маъмурияти карантин чекловларини кучайтиришга қарор қилди. Жумладан, шаҳарда кўнгилочар масканлар ёпилмоқда ва жамоат жойларида 2 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилиш тақиқланмоқда. Бу ҳақда Ҳонгконг раҳбари Кэрри Лэм эълон қилган. 

Фото: Tyrone Siu / Reuters

South China Morning Post нашрининг хабар беришича, 2 декабрдан барча савдо-кўнгилочар марказлари, кўнгилочар боғлар, караоке ва бассейнлар ёпилади. Спортзаллар ва гўзаллик салонлари очиқ қолади, бироқ улар 2 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилмаслик қоидаларига амал қилиши керак бўлади. Шундай чекловлар ресторанлар учун ҳам амал қилади ва улар соат 22гача ишлайди.

Ушбу қоидалар бузилгудек бўлса, 2 минг Ҳонгконг долларигача (250 доллар) миқдорда жарима солинади.

Таъкидланишича, Ҳонгконг маъмуриятининг бундай қатъий чекловлар қабул қилишига коронавируснинг яна авж олиши сабаб ҳисобланади. Сўнгги суткада шаҳарда 76та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

“Рақамлар душанба куни (30 ноябрда) бироз камайди, бироқ одамлар эпидемиянинг чўққисидан ўтдик, деб янглиш хулосага келмасликларини истайман”, деб айтган Ҳонгконг раҳбари. У, шунингдек, шаҳардаги 177 мингдан кўпроқни ташкил қилувчи давлат хизматчиларининг аксарияти масофадан ишлашга ўтказилишини маълум қилган.

Охирги маълумотларга кўра, Ҳонгконгда касалланиш ҳолатлари сони 6,3 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда, улардан 109таси ўлим билан тугаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид