Сизни кўпчилик, кенг жамоатчилик Бош прокуратура матбуот хизматига раҳбарлик қилганингиздан бери танийди. Нима учун Бош прокуратура матбуот хизматидан кетдингиз?

— Бу саволингизга жавоб беришда, шуни таъкидламоқчиманки, сиз айтганингиздек, мен, аввало, олим инсонман. Ҳар қалай таълимда ва илмда 15 йилдан ортиқ фаолият юритганман. Албатта, ҳодиса, воқеалар, ҳаётдаги йўлингизда турли позицияларда ишлаш, фаолият юритишга тўғри келади. Шу нуқтайи назардан прокуратура органларида, хусусан, матбуот хизматида ишлаш, тажрибага эга бўлиш имконияти менда мавжуд бўлган. Лекин айтганингиздек, мен учун илм ва таълим соҳаси кўпроқ яқинроқ ва шу соҳага нега кетдингиз деб эмас, мен бу саволга кўпроқ ўз соҳамга қайтдим деб жавоб беришим мумкин. Чунки таълим ва илм соҳаси, хусусан, жиноят ишларини юритуви борасидаги соҳада илмий тадқиқот ишини олиб борган ҳар бир олим менинг назаримда, мазкур илмий унвонни, илмий даражани фақатгина ўзининг шахсий амбицияларини қондириш учун эмас, илм соҳасини ривожлантириш ва олган билимини кейинчалик тарқатиш учун ҳам хизмат қилиши керак. Бу сизга юклатилган муҳим масъулият.

Ҳозирда нималар билан бандсиз?

— Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида кафедра мудири сифатида фаолият юритмоқдаман. Айнан жиноят ишлари бўйича судларни, судьялик кадрларини тайёрлаш, жиноят ишлари бўйича судьяларнинг малакасини ошириш масалалари, шу соҳада таълим билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш билан бандман.

Ҳозир менинг қаршимдаги суҳбатдошим жуда ҳам яхши бир тажрибага эга. У одам, биринчидан, илм соҳаси вакили. Бир муддат Бош прокуратурада ишлади. Ҳозир эса бевосита судьяларга яқинроқ соҳада ишлаяпти. Шундан келиб чиқиб, бир савол бермоқчиман. Бугунги кунда жамиятда судьяларнинг тутган ўрни қандай? Жамиятнинг судга бўлган муносабати қандай? Сиз буни қандай кўряпсиз: кузатувларингиздан хулосалар борми?

— Менинг назаримда, бу саволингиз кенг қамровли. Ўзига хос мураккаб жиҳатлари бор. Чунки айнан прокуратура соҳасида амалиётда мен учун ҳам катта мактаб, тажриба бўлди. Чунки олим илм билан банд инсон, бирданига амалиёт  соҳасига, кенг қамровли амалиётни кузатишга имконияти бўлиши катта ютуқ. Бу тажрибадан мен албатта фахрланаман. Ҳаёт йўлимдаги катта ютуқ. Шу билан биргаликда назария билан амалиётни ўртасида узилиш борлигини бевосита фаолиятимда кузатишга имкон бўлди. Нима учун?