Лиссабонда тўққиз гол

Бенфика  Барселона 4:5
Голлар: Павлидис (2, 22, 30 пеналти), Араухо (68, автогол) — Левандовски (13 пеналти, 78 пеналти), Рафиня (64), Гарсия (87), Рафиня (90+6). 
Бенфика – Трубин, Фернандес, Отаменди, Антониу Силва, Томаш Араужу, Кўкчу (Ролҳейсер, 80), Флорентину, Эурснес (Баррейро, 61), Скеллеруп (Ди Мария, 71), Павлидис (Амдуни, 80), Актуркўғли (Ба, 71).
Барселона – Шесни, Балде (Ферран Торрес, 74), Кубарси, Араухо, Кунде (Гарсия, 74), Педри, Касадо (де Йонг, 62), Рафиня, Гави (Лопес, 62), Ямал (Мартин, 90+2), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Гави (36), Кунде (66), Фернандес (76), де Йонг (90+4), Лопес (90+9). 

«Барселона»нинг «Да Луж»га олдинги ташрифи (0:3) кўк-анорранглилар жамоаси учун даҳшатли туш бўлиб қолганди. «Бенфика» футболчилари эса кучли старти билан ўша ўйинни яна бир бор ёдга солиб юборди. «Бургутлар» 2-дақиқадаёқ ҳисобни очишди, Павлидис Каррераснинг қанотдан узатмасини голга айлантирди.

Аммо Ҳанси Флик жамоаси тезда ўзини қўлга олди ва Левандовски Балде ишлаган пеналтидан ҳисобни тенглаштирди.

Полшалик тўпурар ЕЧЛда 18-марта 11 метрлик жарима зарбасидан гол уриб, бу борада Месси билан тенглашиб олди.

Фақат меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқиш учун қулай имкониятга эга бўлган Гави дарвозабонни алдаб ўта олмади, бироздан кейин кераксиз вазиятда жарима майдонини ташлаб чиққан Шченсни Балде билан тўқнашиб кетди, тўпга эга чиққан Павлидис эса уни бўш дарвозага юмалатиб юборди.

Турнинг марказий ўйинида «Барса» дарвозабони қилиқ кўрсатишда давом этди ва бир неча дақиқа ўтиб пеналтига сабабчи бўлди. Павлидис навбатдаги совғани мамнуният билан қабул қилиб, 30-дақиқада ҳет-трикни нишонлади. Бунгача ЕЧЛ доирасидаги ўйинларда Фаустино Асприля, Андрей Шевченко ва Мбаппе ҳам каталонияликлар дарвозасига бир ўйинда учта гол уришганди, аммо уларнинг ҳеч бири бунга бу қадар қисқа муддатда эришмаган.

Иккинчи бўлимда эса Трубин ҳам Шченснидан қолишмасликка ҳаракат қилиб, турнирнинг жорий мавсумидаги энг кулгили голни ўтказиб юборди. «Бенфика» посбони тўпни узоқлаштиришга уриниб, жарима майдони ташқарисида турган Рафинянинг бошини мўлжаллади ва тўп қайтиб дарвоза тўрига бориб тушди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Бир неча дақиқа ўтиб Араухо Павлидисни покерсиз қолдирди ва тўпни ўзи дарвозага киритиб юборди. Ямал эса меҳмонлар учун иккинчи пеналтини ишлади ва Левандовски бу сафар ҳам бехато зарба бериб, 19-пеналти билан Криштиану Роналдунинг рекордини такрорлаб, ўйинга интригани қайтарди. 87-дақиқада Педрининг Эрик Гарсияга узатмаси билан ҳисоб тенглашди. Шунинг ўзи ҳам футбол учун ҳақиқий байрам эди, аммо ҳисоб 4:4 кўринишига келганидан кейин ҳам ҳеч ким тўхташни истамади.