Фан-техника | 15:11 / 10.12.2020
3961
2 дақиқада ўқилади

Соғлом рақобат бўлиши учун: АҚШ ҳукумати Facebook’ни Instagram ва WhatsApp’ни сотишга мажбур қилиши мумкин

Таъкидланишича, компания ижтимоий тармоқлар бозоридаги рақобатчилари Facebook’дан кучайиб кетмаслиги учун катта маблағ сарфлаб уларни сотиб олган.  

Фото: Reuters

Федерал савдо комиссияси (FTC) ва АҚШнинг 48 штати Facebook компаниясини судга берди. Компания монополияга қарши қонунчиликни бузишда айбланмоқда. Даъвогарлар компаниянинг Instagram ва WhatsApp’ни сотишига эришишмоқчи, деб хабар бермоқда Reuters.

 «Facebook қарийб ўн йил давомида майда рақобатчиларни синдириш, рақобатни йўқ қилиш учун монополиядан фойдаланиб келди ва буни оддий фойдаланувчилар ҳисобига амалга оширди», — деди Ню-Йорк бош прокурори Летиция Жеймс.

 Унинг қўшимча қилишича, компания ижтимоий тармоқлар бозоридаги рақобатчилари Facebook’дан кучайиб кетмаслиги учун катта маблағ сарфлаб уларни сотиб олган.   

 FTC ўз баёнотида комиссия соғлом рақобат тикланиши учун Instagram ва WhatsApp сотилишига эришмоқчи эканлигини маълум қилган.

 Facebook 2012 йилда 1 млрд долларга Instagram’ни, 2014 йилда эса 19 млрд долларга WhatsApp мессенжерини сотиб олган. 

 2019 йил июлда АҚШ ҳукумати Amazon, Facebook, Google ва Apple компанияларига нисбатан монополияга қарши суриштирув бошлаганди.  

Мавзуга оид