Ўзбекистон | 09:14 / 11.12.2020
4320
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда профессионал футбол ривожлантирилади, «Арал» жамоаси қўллаб-қувватланади — Ҳукумат қарори лойиҳаси

Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш, “Арал” футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Tribuna.uz

Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

  • Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиалига қарашли бўлган Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон кўчаси 24-уйда жойлашган бино ва иншоотларнинг ошхона, спорт ва мажлислар зали жойлашган қисмини Қорақалпоғистон Республикаси 1-сон футбол маҳорат мактаби балансига;
  • Нукус шаҳри, Ҳурлиман қиз бақси кўчаси рақамсиз уйда жойлашган Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиалининг бўш турган биносини тўлиқлигича Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали балансига беғараз ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (К.Сариев):

  • Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиалининг Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали балансига ўтказилган бўш турган биносига “Арал” футбол жамоасининг асосий базасини жойлаштириш ҳамда уни реконструкция қилиш юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали балансидаги Нукус шаҳри, Ҳурлиман қиз бақси кўчасида жойлашган Марказий “Турон” стадионини реконструкция қилиш юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • 2021 йилдан бошлаб “Арал” футбол жамоасини ҳар йили тасдиқланган харажатлар смета ҳужжатларига мувофиқ зарур бўлган маблағлар билан таъминлаш;
  • “Арал” футбол жамоасининг Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ва ўқув-йиғин машғулотларига ўз вақтида ва мунтазам бориб келишлари учун 1 дона “Yutong” автобуси (44 ўринлик) ва 1 дона “Mercedes benz Tourismo” автобуси (51 ўринлик) билан таъминлаш;
  • Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича ёш тоифасидаги терма жамоаларнинг ўқув машғулотларини учун янгидан футбол марказини ташкил этиш;
  • Ўзбекистон футбол ассоциацияси (Р.Эрматов) билан биргаликда турли ёш тоифасидаги ҳудудий терма жамоалар ўқув машғулотлари учун ташкил этилган футбол марказининг халқаро талабларга мувофиқ лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш, белгиланган тартибда тасдиқлаш ҳамда 2021 йил якунига қадар қурилиш ишларини якунлаш ва фойдаланишга топшириш;
  • Қорақалпоғистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш, “Арал” футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг қўшимча маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маблағ ажратилишини таъминлаш чораларини кўради.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига (А.Ҳожибоев) “Арал” футбол жамоасининг асосий базасида функционал диагностика, спортчиларни соғломлаштириш ва реабилитацияси учун замонавий спорт тиббий марказини ташкил қилиш ҳамда зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш вазифалари юклатилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ўзбекистон футбол ассоциацияси (Р.Эрматов):

  • 2021 йилдан бошлаб “Арал” футбол жамоасининг суперлигада истисно тариқасида иштирок этишини;
  • ҳудудда кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йилнинг I чорагида Қорақалпоғистон Республикаси 1-сон футбол маҳорат мактаби учун янги сунъий қопламали захира футбол майдонини қуришини;
  • 2021 йилнинг I чорагида “Арал” футбол жамоасини зарур замонавий тренажёрлар ва спорт анжомлари билан жиҳозланишини таъминлайди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев) ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Сариев) 2021-2023 йилларда Нукус шаҳар, Кегейли, Амударё, Элликқалъа, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида янгидан болалар-ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этиш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид