Ўзбекистон | 14:00 / 16.12.2020
8054
3 дақиқада ўқилади

Бу йил аҳолига 1,3 млрд кубометр кўпроқ газ етказиб берилган – «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси

Ҳаво ҳарорати совиши билан ҳудудларда газ босими пасайиши бўйича саволларга жавоб олиш мақсадида Kun.uz мухбири «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов билан суҳбатда бўлди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг марказий диспетчерлик бошқармасининг марказий пулти орқали мамлакатга табиий ва суюлтирилган газни етказиб бериш жараёнининг бошқаруви амалга оширилади. Биргина Тошкент шаҳри 4та газ тақсимлаш станцияси орқали табиий газ билан таъминланади. Етказиб берилаётган газнинг сарфи, босими, йўналиши кузатиб борилади.

Бу ердан суюлтирилган газнинг ҳам то вилоят, туманлардаги тақсимлаш шохобчасига етгунига қадар бўлган жараён, ундан аҳоли истеъмолчиларига юкланиш ҳажмини ҳам кўриш мумкин. Бошқарма кун-у тун ишлайди ва ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб, эҳтиёжга қараб мутахассислар жалб этилади. Муҳандисларимиз компьютерда ҳар бир ҳудудга кираётган газ босими, сарфини кўриб туришади», деди Баҳодир Эшмуродов.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов

Эшмуродовнинг сўзларига кўра, жорий йил январ-ноябр ойларида аҳоли истеъмоли учун 9 млрд 470 млн кубометр газ етказиб берилган.

«Агар 2019 йил 30 ноябрда 56 млн 841 минг кубометр газ истеъмолчиларга етказиб берилган бўлса, 2020 йилда бу ҳажм 69 млн 893 минг кубометрни, яъни ўтган йилга нисбатан 123 фоизни ташкил этган.

2020 йил ноябр ойида 1 млрд 637 млн кубометр газ етказиб берилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга кўп.

Шунингдек, 2019 йил январ-ноябр ойларида 8 млрд 171 млн кубометр газ етказиб берилган бўлса, жорий йил ушбу давр мобайнида бу кўрсаткич 9 млрд 470 млн кубометрга етган. Яъни 1 млрд 298 млн кубометр газ ортиғи билан етказиб берилган», деди жамият раиси.

«Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» акционерлик жамиятларида бир-бири билан ўзаро диспетчерлик тизими орқали тезкор равишда боғланиши йўлга қўйилган.

«Қолган корхоналаримизда ёки бизда бирор нима кузатиладиган бўлса, тезкор равишда бир-биримизга хабар бериб шу билан боғлиқ масалаларни ташкиллаштириш масалалари йўлга қўйилган.

Шунингдек, бизда истеъмолчилар билан ҳам худди шундай алоқа йўлга қўйилган. Яъни ҳар бир истеъмолчи, агарда узилиш ёки камайиш бўладиган бўлса, тезкор равишда мурожаат қилиш имкониятига эга. Фаол ва бефарқ бўлмаган истеъмолчиларимиз ҳам бор. Худди шундай диспетчерлик бошқармалари барча вилоятларимиз ва 208та туман-шаҳарларда йўлга қўйилган», дейди расмий.

Маълумот учун, истеъмолчилар «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ўзларининг мурожаатларини 1104 қисқа рақами ёки, 71-200-0804 ва 71-202-1104 орқали етказишлари мумкин. Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳудудий бўлинмаларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Мавзуга оид