16:47 / 16.12.2020
6416

«Ҳудудгазтаъминот» раиси: Тошкентда кунлик газ истеъмоли ҳажми 70 фоизгача ортиб кетди

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳаво ҳароратининг совиши билан ҳудудларда газ босимининг пасайиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.

«17 ноябрдан бошлаб юртимизда ҳаво ҳароратининг кескин тушиши кузатилди. Ҳарорат меъёрдан 12-15 даражагача паст бўлди. Одатда ҳажм белгиланганда меъёрий нуқталар: истеъмолчилар сони, ҳажми ва меъёрий ҳаво ҳарорати инобатга олинади.

Ҳаво ҳарорати меъёрдан пастга тушгани сабабли истеъмол кескин ошиб кетди. 2019 йилнинг шу даври билан солиштирсак, қарийб 30-33 фоизга ошди. Иситиш ускуналарини ишга тушириш бошланади. Қувурларда эса ўтказиш қуввати мавжуд, шунинг ҳисобига айрим ҳудудларда, айниқса охирги истеъмолчи бўлган ёки истеъмол катта бўлган ҳудудларда босим пасайиб кетди», деди Баҳодир Эшмуродов.

Шунингдек, бундай ҳолларда технологик режимни тез ўзгартириш керак бўлиши айтиб ўтилди.

«Мисол учун, Тошкент шаҳри 17 ноябргача 10 млн кубометр истеъмол қилаётган бўлса, 19 ноябрдан 17 млн кубометрга кўтарилиб, аҳоли истеъмоли 70 фоизга ортди. Бухоро, Қашқадарё ҳудудидан ёки республика шимолидан келадиган газ масофани ўташ учун вақт талаб қилади. Табиий газнинг ҳаракатланиш тезлиги 20 км/соат. Истеъмол ортганда захирадаги газ етиб келгунча айрим ҳудудларда узилишлар бўлди. Лекин 2-3 суткада бу жараён нормаллашди, чунки конлардан, ерости газ сақлаш иншоотларидан чиққан газ етиб келишни бошлади. Тизимдаям керакли ишлар амалга оширилди.

Тошкентга 4та нуқтадан газ етказиб берилади: булар 3та магистрал қувурга уланган. Буларнинг газ етказиб бериш режими ҳар хил. Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Сергели туманлари Жанубий-ғарбий газ тақсимлаш станциясидан; Бектемир, Яккасарой, Миробод тумани истеъмолчилари Бектемир ва Бинокор станцияларидан; Мирзо Улуғбек, Юнусобод тумани аҳолиси шарқий газ тақсимлаш станциясидан олишади. Бу ягона ҳалқа бўлиб, ҳаво ҳарорати тушиши билан уни мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда», деди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқаруви раиси.

Top