Ўзбекистон | 08:07 / 16.12.2020
4324
3 дақиқада ўқилади

Япониялик эксперт инвестициялар ва ташқи савдо вазирига маслаҳатчи бўлади 

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жорий йилнинг 15 декабр куни ҳукумат делегациясининг Японияга ташрифи чоғида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Шиничи Китаока билан учрашув ўтказди. Унда молиявий, техник, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида “Ўзбекистонда мева-сабзавот соҳасида қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳасининг қўшимча 200 млн долларлик иккинчи босқичини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Лойиҳа биринчи босқичининг юқори натижадорлиги қайд этилди, унинг доирасида қишлоқ жойларда 85та иссиқхона ва 11 мингта янги иш ўрни яратилди.

“Бир қишлоқ - бир маҳсулот" лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Жиззах вилояти лойиҳа амалга ошириладиган дастлабки ҳудуд бўлади. Лойиҳа БМТнинг барқарор ривожланиш кун тартибидаги мақсадларига эришишга ёрдам беради, кичик ва ўрта бизнесни кенг ривожлантиришга кўмаклашади.

Шунингдек, илғор япон тажрибаси ва технологияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга Япониянинг етакчи компанияларини жалб этишда JICA томонидан кўмак кўрсатилиши бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон томони 2021 йилнинг январ ойидан бошлаб Япониянинг қатор йирик корпорация ва молия институтларида етакчи лавозимларни эгаллаган япониялик эксперт Хиро Ивазакининг тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири маслаҳатчиси бўлиб ишлашга жалб этилгани учун миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар кенг кўламли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олди.

Хусусан, Япония томони Ўзбекистон ҳудудларидан бирида кўп тармоқли шифохона қуриш лойиҳасини ҳамкорликда ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Лойиҳа JICA грант маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Япония томони ўзбекистонлик талабалар учун Япониядан етакчи олим ва экспертларни жалб қилган ҳолда маъруза ва маҳорат дарсларини ташкил этишни кўзда тутувчи “JICA Chair” грант дастурини ишга туширишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, JICA раҳбарияти Япониянинг етакчи университетларида ўзбекистонлик талабаларни ўқитиш учун ажратилган грантлар сонини кўпайтириш ниятини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар яқин келажакда коронавирус пандемияси муносабати билан авиатранспортда жорий этилган чекловлар бекор қилиниши билан Ш. Китаоканинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилишга келишиб олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид