Жаҳон | 13:31 / 17.12.2020
2545
2 дақиқада ўқилади

Италияда ғаройиб кўринишга эга вакцинация павильонлари қурилади

Италия бўйлаб регенерацияни тимсол этувчи ёғоч павильонлар қурилади. Январ ойидан Италияда коронавирусга қарши эмлаш бошланади.

Фото: Stefano Boeri Architetti

Павильонларнинг дизайни, логотипи ва мамлакатнинг вакцинация акцияси бўйича визуал элементлари таниқли меъмор Стефано Боери бошлиқ маслаҳатчилар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган.

Боерининг студияси CNN'га маълум қилишича, Италиянинг майдон ва шаҳар марказларида умумий ҳисобда айлана шаклидаги 1500 та вақтинчалик павильонлар қурилади.

Павильонлар интерьери ёғоч ва матоли қоплама билан ташқи тарафи эса катта наврўзгул тасвири билан безатилади.

«Бу лойиҳа ҳаловат ва тикланишни тимсол қиладиган дизайнда яратилди. Вакцина олиш фуқаролик масъулияти, ўзгаларга меҳр ва ҳаётнинг қайта жонланиш акти бўлади. Вирус бизни касалхона ва уйларга қамаган бўлса, вакцина ҳаёт ва атрофимиздаги табиат билан қайта боғланишимизни таъминлайди», дейди Боери пресс-релизда.

Боери Италиянинг донғи чиққан меъморларидан бири. Унинг студияси юқорида зикр қилинган лойиҳа устида бепул ишлаганини маълум қилган.

Маълумот учун, Италияда коронавирусдан шикастланиш ҳолатлари сони 2 миллионга яқинлашиб қолди. Ўлим кўрсаткичи эса Европада энг юқориси – 66537 (17 декабр маълумоти).

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид