Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда тадбиркорлардан Бош вазир қабулхоналарига 6 176 та мурожаат тушган. Чироқчи ЭИЗда бирорта лойиҳа амалга оширилмаган
Бугун Қашқадарёда халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда келгуси 2021 йил учун белгиланган устувор вазифалар юзасидан вилоят аҳолисига мурожаат қилди. Сессияда қатнашган Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, вилоят ҳокимининг мурожаати анча танқидий руҳда бўлган.
Зойир Мирзаев ўз мурожаатида бир қатор соҳалардаги оқсашлар ҳақида гапира туриб, вилоятда тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтган. Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, ўтган 11 ой мобайнида Бош вазир қабулхоналарига қашқадарёлик тадбиркорлардан 6 176 та мурожаат келиб тушган.
Қайд этилишича, тадбиркорлар билдирган муаммо ва масалалардан аксарияти кўриб чиқилган ва ҳал этилган. Аммо ҳал бўлмай қолган муаммолар ҳам талайгина. Айниқса, тадбиркорлар томонидан улар ўз фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун ер майдонлари сўралган мурожаатларнинг аксарияти ечимсиз қолиб кетган.

Шунингдек, тадбиркорлар бўш ер ва бино ажратиш, муҳандислик ва коммуникация тармоқларига уланиш, кредит олиш ва гаров таъминоти, мансабдор шахсларнинг ҳаракати ва ҳаракатсизлиги устидан кўп шикоят қилган.
Вилоятда тадбиркорларни қийнаётган асосий муаммо – ер ажратиш масаласи бўйича Яккабоғ туманида 158 та (мурожаатларнинг 37 фоизи), Касби туманида 131 та (мурожаатларнинг 28 фоизи), Қамаши туманида 126 та (мурожаатларнинг 28 фоизи), Миришкор туманида 93 та (мурожаатларнинг 25 фоизи), Шаҳрисабз туманида 109 та (мурожаатларнинг 24 фоизи) мурожаат ижобий ҳал қилинмаган.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими 2019 йилда ташкил этилган Чироқчи эркин иқтисодий зонаси билан боғлиқ муаммоларни санаб ўтган.
«Чироқчи эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш 2019 йилда бошланган бўлса-да, шу кунгача бирорта арзирли лойиҳа таклиф этилмаган, иш бошланмаган.
Кичик саноат зоналарида 62 та лот ҳанузгача лойиҳа ташаббускорларига берилмаган. Саноат зоналаридаги, Китоб туманида 3 та, Қарши туманида 2 та, Шаҳрисабзда 1 та корхона 1 йилдан буён фаолиятини тўхтатган.
Оқибатда, 9,1 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмади, 24,3 млн сўмлик солиқ тушмади, 54 та иш ўрни яратилмади. Лот ажратиб берилганига бир йилдан ошганига қарамай, 103 млрд сўмлик 15 та лойиҳа ишга туширилмагани учун 235 та иш ўрни яратилмасдан қолди», – деган вилоят ҳокими.
Зойир Мирзаев ўз мурожаатида вилоятда тадбиркорлар билан боғлиқ яна бир муаммо – турли корхоналарнинг яшовчанлик кўрсаткичи ҳам қониқарсиз аҳволда қолаётганини маълум қилган. Унинг айтишича, иқтисодиётда мавжуд корхоналарнинг 10-12 фоизи фаолият кўрсатмаслиги нормал ҳолат ҳисобланади. Қашқадарёда эса жорий йил 1 декабр ҳолатига кўра, 4 343 та ёки рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектларининг 17 фоизи фаолият кўрсатмаган.
Жумладан, Қамашида 26 фоиз, Қаршида 25 фоиз, Муборакда 25 фоиз, Ғузорда 24 фоиз кичик бизнес субъектлари ўз фаолиятини тўхтатган.
Мавзуга оид
09:35 / 08.07.2026
Қашқадарёда давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори фирибгарликда ушланди
23:02 / 03.07.2026
“Ўлганнинг устига тепган”: Қашқадарёда ўнлаб фуқаронинг кредитга олинган машиналари ғойиб бўлди
22:01 / 13.06.2026
Қашқадарёда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари фош этилди
15:20 / 13.06.2026
