Жаҳон | 22:11 / 22.12.2020
9613
2 дақиқада ўқилади

Путин собиқ президентларнинг дахлсизлигини кафолатлаш тўғрисидаги қонунни имзолади

Федерация кенгаши вакили, сенатор Андрей Клишаснинг билдиришича, собиқ президентнинг дахлсизлиги унинг яшаш ва хизмат жойлари, фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситалари, унга тегишли ҳужжат ва юклари ҳамда ёзишмаларига нисбатан ҳам тегишли.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг собиқ президентлари дахлсизлиги кафолатларини кучайтирадиган қонунни имзолади

Қонунга мувофиқ, собиқ президентни дахлсизликдан маҳрум қилиш тартиби ўзгаради. Эндиликда бунинг учун Дума уни давлатга хиёнат ёки бошқа оғир жиноят содир қилишда айблаши, айбловни илгари суриш тартибига риоя қилинишини Олий ва Конституцион судлар тасдиқлаши лозим. Шу асосда Федерация кенгаши қарор қабул қилади.

Илгари собиқ президентга қарши айбловни Тергов қўмитаси президент ваколатларини бажариш даврида оғир жиноят содир этганлиги факти бўйича иш қўзғатилганида илгари сурарди. Давлат думаси тақдимнома асосида дахлсизликдан маҳрум қилишга розилик берар, шундан сўнг масалани Федерация кенгаши  кўриб чиқарди.

Қонунда аниқлик киритилишича, собиқ президент жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилмайди, ушланиши, ҳибсга олиниши, тинтув ёки сўроқ қилиниши мумкин эмас. 

 Федерация кенгаши вакили, сенатор Андрей Клишаснинг билдиришича, собиқ президентнинг дахлсизлиги унинг яшаш ва хизмат жойлари, фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситалари, унга тегишли ҳужжат ва юклари ҳамда ёзишмаларига нисбатан ҳам тегишли бўлади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид