22:08 / 22.12.2020
7716

Туркия Озарбойжонга 60 ҳарбий жўнатди

Туркия Озарбойжонга ўз ҳарбийларини жўнатди. Улар россиялик тинчликпарварлар билан Тоғли Қорабоғда ярашув режимига амал қилинишини назорат қилишади. 

Фото: EPA

Туркия Тоғли Қорабоғдаги вазиятни назорат қилиш маркази қуриш бўйича келишув доирасида Озарбойжонга 60 ҳарбийсини жўнатган. Бу ҳақда Туркия миллий мудофаа вазири Хулуси Акар маълум қилди.    

“Ҳозирда персоналимиздан 60 киши Озарбойжонга жўнатилди. Уч томон ўртасида марказ қуриш бўйича барча келишувларга эришилган. Фақатгина қурилишга, персонални жойлаштиришга тааллуқли бир қатор масалаларни ҳал қилиш қолмоқда. Одамларимиз у ерда руслар билан бирга ишлашади. Уларнинг ҳудудда қолишлари муддати борасида Россия томони билан гаплашамиз”, деб айтган Акар.

Унинг таъкидлашича, Тоғли Қорабоғдаги ярашув ортидан россиялик ҳарбийлардан ташқари, Туркия қуролли кучларининг “30дан 60гача вакили” кузатув олиб боради.  

“Улар руслар билан бирга ўт очишни тўхтатиш режимининг таъминланиши учун барча зарур ишни амалга оширишади”, деб таъкидлаб ўтган Туркия мудофаа вазири.  

9 ноябрда Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ҳақида қўшма баёнотни имзолашганди. Баёнотга кўра, Тоғли Қорабоғдаги вазият ортидан россиялик тинчликпарвар кучлар кузатув олиб боради. 11 ноябрда эса Хулуси Акар ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу видеоалоқа орқали ўтган музокаралар якунларига кўра Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимини назорат қилувчи Россия-Туркия марказини ташкил этиш ҳақида меморандум имзолашган.     

Top