Ўзбекистон | 22:29 / 24.12.2020
20810
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда ўнлаб объектларни тендерсиз бериб юборган мансабдорларнинг бошқа жиноятлари бўйича ҳам тергов бошланди

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдорларига нисбатан очилган жиноят иши тергови давом этмоқда.

Фото: Kun.uz

Бу жиноят ҳақида 2020 йил июль ойида берилган хабарда, 41та ҳолатда қурилиш объектлари тендерсиз бериб юборилгани айтилганди.

Жиноят ишининг қўзғатилишига «Ягона буюртмачи хизмати» ИК мансабдор шахслари ноқонуний равишда танлов ўтказиб, лаёқатсиз қурувчиларга қурилиш объектларини топшириши юзасидан тўпланган ҳужжатлар асос бўлган.

Kun.uz Хоразм вилояти прокуратурасидан олган маълумотга кўра, 2019 йилда 2,5 млрд сўмлик, 2020 йилнинг 5 ойида 279,8 млн сўмлик, жами 2,79 млрд сўмлик бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилиб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

«Бу ҳолатлар бўйича 11 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, айбдорлардан 2,56 млрд сўм миқдордаги зарар ундирилиши таъминланган.

Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан мансабдор шахсларнинг бюджет маблағларини талон-торож қилинишига шароит яратиб бергани билан бирга, уларнинг бошқа жиноятларини фош қилиш мақсадида тергов гуруҳи тузилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади расмий ахборотда.

Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан очилган иш бўйича терговни Хоразм вилояти прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими ўтказмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, 24 декабрь куни Андижон вилоятида давлат объектларини қуриш қариндош-уруғлар ўртасида тақсимлаб олингани хабар қилинди. Маълум бўлишича, Андижон вилояти ҳокимлиги қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ва «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали раҳбари Равшанбек Жабборқулов миллиардлаб давлат буюртмаларини ўзлари ва қариндошларига тегишли компаниялар ўртасида «тақсимлаган».

Мавзуга оид