Ўзбекистон | 19:35 / 26.12.2020
55990
5 дақиқада ўқилади

«Жиззахча тендер-2». Жиззах вилояти «замҳоким»ининг қариндошлари бир неча юз миллиардлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани маълум бўлди

Бир неча кун аввал Davletovuz Telegram-каналида Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи Наргиза Солиевага тегишли корхона вилоят ҳудудида гуллар ва дарахтлар экиш бўйича ўтказилган умумий қиймати 2 миллиард сўм бўлган танловларини ютиб олгани ҳақида суриштирув эълон қилинганди. Бугун каналда «Жиззахча тендерлар-2» сарлавҳали янги суриштирув пайдо бўлди.

Унга кўра, Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Раҳмонқулов Акром Баҳриддиновичнинг қариндошлари ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган. Қизиғи, Акром Раҳмонқулов қариндошлари ютган тендерларда комиссия раҳбари сифатида қатнашган.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, вилоятдаги аксарият давлат буюртмалари Акром Раҳмонқуловнинг қариндошлари дея тахмин қилинаётган шахсларга тегишли хусусий компаниялар ўртасидагина тақсимлаб олинган. Тендерларда фақатгина қариндошларнинг фирмалари қатнашган.

1. Раҳмонқулов Aкбар Баҳриддинович 100 фоиз улушига эгалик қиладиган ҳамда Раҳмонқулов Aлишер Баҳриддинович раҳбарлик қиладиган «J-Quruvchi» МЧЖ Davletovuz ҳисоб-китобига кўра, 120 миллиард сўмдан ортиқ давлат буюртмаларини қўлга киритган. Постда айтилишича, Акбар Баҳриддинович Раҳмонқулов данакли ва пўчоқли уруғи бўлган мевалар етиштириш билан шуғулланадиган «Qo'nish Bobo Maxsus Bog'lari» МЧЖ, бетондан қурилиш учун буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган «Zenatkor Temir Beton Buyumlari» МЧЖнинг (корхонага Раҳмонқулов Aдҳам Баҳриддинович раҳбарлик қилади) тўлиқ таъсисчисидир.

2. Бaҳриддинов Шуҳрaтжон Aкрaмович тўлиғича таъсисчи бўлган «Qurilish Ta'minoti» МЧЖ ҳам камида 80 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини тендерда «ютиб олган». Шуҳратжон Раҳмонқулов 1997 йилдан бери ишлаб келадиган «Kamol» хусусий корхонаси эгаси экани ҳам айтилган. Бу компания ҳам вилоятда катта қурилишлардаги иштироки билан танилган.

3. Тошпўлатов Ихтиёр Бахтиёрович тўлиқ таъсисчиси бўлган «Abduvohid Qurilish Ta’mir» МЧЖ 61 миллиард сўмга яқин давлат буюртмаларини тендер асосида, шунингдек, тўғридан-тўғри (манзилли дастурлар асосида) қўлга киритган. Тошпўлатов Ихтиёр Бахтиёрович ҳам она тарафдан Раҳмонқуловларга қариндош бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

4. Раҳмонқулов Aлишер Баҳриддинович тўлиқ эгалик қиладиган «Jizzax Savdo Lyuks» МЧЖ яшашга яроқсиз жойларни ижарага бериш ва бошқариш билан, унинг яна бир компанияси – «Ravon Yo'l Invest» МЧЖ эса тошни кесиш, ишлов бериш ва пардозлаш билан шуғулланади. Яъни, бу оилага тегишли аксарият корхоналар қурилиш билан алоқадор.

Юқорида қайд этилганидек, қурилиш бўйича айрим тендерларда Раҳмонқулов Акром Баҳриддинович тендер комиссияси раиси бўлган. Бундан ташқари, ўзаро аффиланган компаниялар битта тендерда иштирок этган ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, 21 миллиард сўмлик тендерда фақат «Abduvohid Qurilish Ta’mir» МЧЖ ва «Qurilish Ta'minoti» МЧЖ иштирок этган.

Вилоят бўйича тасдиқланган манзилли қурилиш дастурларида юқоридаги компаниялар аллақачон ижрочи сифатида ҳам кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд.

Davletovuz қурилиш буюртмаларида бевосита иштирок этмаса-да, «Zenatkor Temir Beton Buyumlari» МЧЖ ҳамда «Ravon Yo‘l Invest» МЧЖ давлат бюджетидан қурилаётган иншоотларда таъминотчилар сифатида иштирок этаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади: «Буни фақат назорат органлари текшируви орқали аниқлаши мумкин, агар шунга хоҳиш бўлса, албатта», деб ёзилган постда.

Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Акмал Биноқулов Kun.uz мухбири билан телефон орқали суҳбатда ушбу маълумотларни тасдиқлай олмаслигини, бу ҳақда ахборотга эга эмаслигини таъкидлади. Вилоят ҳокимлиги расмий сайтида келтирилган ҳамда Акмал Биноқулов тақдим этган телефон рақамлари орқали Акром Раҳмонқулов билан ҳам, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси раҳбари Нурулла Омонов билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.

Мавзуга оид