Ўзбекистон | 14:45 / 26.12.2020
8246
2 дақиқада ўқилади

Зўравонликни тарғиб қилувчи маҳсулотни интернетда тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун президент томонидан имзоланди.

Фото: Lindsey Wasson / Reuters

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда порнографик маҳсулотни ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди. Илгари ушбу маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган эди.

Шунингдек, оғирлаштирувчи ҳолатларда туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди. 

Эндиликда: 

  • туҳмат жиноятини содир этганлик учун (139-модда, 3-қисм) базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача (111 млн 500 минг сўм) миқдорида жаримадан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган);
  • ҳақорат қилиш жиноятини содир этганлик учун (140-модда, 3-қисм) базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваригача (133 млн 800 минг сўм) миқдорда жаримадан 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланилиши белгиланди (илгари 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган).

Аввалроқ, ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгилангани хабар қилинганди

Мавзуга оид