Иқтисодиёт | 14:22 / 29.12.2020
4213
2 дақиқада ўқилади

Экспорт қилувчиларга хорижда савдо уйлари ва дўконлар очиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида экспорт қилувчиларга чет элда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилишини маълум қилди. Таъкидланишича, ҳукуматга 2021 йилда товар ва хизматлар экспортини камида 20 фоизга ошириш вазифаси топширилади.

«Янги экспорт бозорларига чиқиш ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади. Келгуси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи ҳамда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштириш лозим.

GSP+ тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш керак.

Ўзбекистон яқинда Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарур.

Келгуси йилда корхоналарга хомашё сотиб олиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Экспорт қилувчиларга чет элда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Умуман, ҳукуматга келгуси йилда товар ва хизматлар экспортини камида 20 фоизга ошириш вазифаси топширилади», дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид