Ўзбекистон | 21:03 / 30.12.2020
12786
5 дақиқада ўқилади

Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси Олий Мажлисда уч марта ўқилгани айтилди. Лекин бу ҳақда хабар қилинмаган

Тараққиёт стратегияси марказида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

  • Қонун билан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганини инобатга олиб, Конституциянинг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Ўзгартириш киритилаётган моддада аниқлик киритилишича, Ўзбекистон суд тизими Конституциявий суд, Олий суд, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборат. Ушбу ўзгартириш Ўзбекистон президентининг 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра киритилмоқда, фармонга кўра, 1 январдан бошлаб суд тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.

Тадбирда Kun.uz мухбири ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан Конституциянинг 128-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига зид равишда кенг жамоатчиликка муҳокама учун эълон қилинмагани ва палата расмий сайтига жойлаштирилмагани борасида савол берди.

Конституциявий суд ва Олий суд раислари ўринбосарлари бу савол юзасидан муносабат билдиришди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов

«Бу ташаббус ўзимиз, яъни судлар хоҳлагани учун эмас, балки халқ шуни талаб қилгани учун билдирилди. Ана ўша жараёнда сенатор ва депутатларимиз жойларга чиқиб халқнинг фикрини, бу борадаги қийинчиликларини ўрганди.

Айтиб ўтганимдек, қанчалик юк елкамизга тушаётганини билган ҳолда бунга рози бўляпмиз. Чунки бугун бу ишни қилмасак, эрта қилишимиз керак. Фармон [лойиҳасини] тайёрлаш жараёни икки йил давом этди. Фармон қабул қилиниб, эълон қилинди ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди.

Ундан ташқари, Олий Мажлисда 3 марта ўқилди [Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси], ҳар бир ўқилгандан кейин интервьюлар берилди, телевидение орқали мазмун-моҳияти кенг ёритилди. Мен жамоатчилик бундан бехабар деган фикрларга қўшила олмайман», – деди Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов.

Бироқ Олий суд раиси ўринбосари таъкидлаганидек, президент фармони қабул қилингандан сўнг ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси матни Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинмаган, бу эса «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига зид ҳисобланади. Шу билан бирга, лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилингани, муҳокамалар жараёни қандай кечгани ҳақида жамоатчиликка батафсил ахборот берилмаган.

Конституциявий суд раиси ўринбосари Асқар Ғофуров эса Конституцияга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилмагани бўйича масала Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилмаганини айтди ва бу масалани кўриб чиқишга асос йўқ деб ҳисоблашини маълум қилди.

Конституциявий суд раиси ўринбосари Асқар Ғофуров

«Мен саволга ўзимнинг фикримни билдиришдан аввал бир нарсага эътибор қаратишингизни хоҳлайман. Ҳозирги кунда 7 кишидан иборат коллегиал орган томонидан мажлисда бир фикрга келиб қарор қилинса, шу Конституциявий суднинг муносабати бўлади. Мен Конституциявий суд вакилиман, лекин унинг номидан Конституциявий суд муносабатини билдира олмайман. Сабаби бу масала [қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилмагани – таҳр.] Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилмаган ва кўриб чиқишга ҳам асос йўқ деб ўйлайман.

[Қонун лойиҳаси] президент фармонини қабул қилиш жараёнларида халқ муҳокамасидан ўтган. Яъни бошқача шаклларда шу ўзгартиришлардан жамоатчилик хабардор қилинган. Яна бир бор таъкидлайман, бу – Конституциявий суднинг муносабати эмас, фуқаро ва мутахассис сифатидаги фикрим», деди у.

  • Эслатиб ўтамиз, Сенат ушбу қонунни 18 декабрь куни ўтказилган ўзининг сўнгги ялпи мажлисида кўриб чиқиши керак эди, бироқ интернетда Конституцияга мувофиқ (128-модда) парламент Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни фақат кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилиши мумкинлиги тўғрисида мақолалар эълон қилингач, масала кун тартибидан олиб ташланган эди.
  • Маълумот учун, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 14 марта ўзгартиш киритилган.
  • Конституциянинг 128-моддаси талабига кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.

Мавзуга оид