Ўзбекистон | 22:23 / 30.12.2020
11587
1 дақиқада ўқилади

Путин Россиянинг Ўзбекистондаги элчисини орден билан тақдирлади

Дипломатия соҳасидаги кўп йиллик меҳнати ва Россия Федерациясининг ташқи сиёсатини муваффақиятли амалга оширишдаги хизмати учун Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тюрденев Владимир Львович президент Владимир Путин томонидан фахрий орден билан тақдирланди.

Владимир Тюрденев / Фото: KUN.UZ

Элчини тақдирлаш тўғрисидаги тегишли ҳужжат Россия ҳуқуқий ахборот порталига жойлаштирилган.

Маълумот учун, Тюрденев Тошкентдаги элчихонани 2009 йилдан буён бошқаради. У 2019 йили Ўзбекистон президенти томонидан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланганди.

Ўтган ҳафта элчи «Росатом» Ўзбекистонда АЭС қуриши бўйича шартнома гўёки «деярли тайёр» экани ва «фақат техник жиҳатлари» қолганини маълум қилганди. «Ўзатом» унинг бу гапларини рад этди ва музокаралар давом этаётганини билдирди.

Владимир Тюрденев ўша интервьюсида, шунингдек, Ўзбекистон Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасидан 1 млн доза сотиб олаётгани, тегишли келишув имзоланганини айтганди. Ўзбекистон томони ҳозирга қадар бу маълумотга аниқлик киритмади.

Мавзуга оид