Жаҳон | 22:03 / 03.01.2021
18892
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда дафн маросими вақтида 21 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг Мураднагар шаҳрида (Уттар-Прадеш штати) дафн маросимига келган 21 киши крематорий томи қулаши оқибатида ҳалок бўлди. 

Фото: AFP

The Times of India нашрининг хабар беришича, воқеа ёмғир вақтида юз берган. Дафн маросимига келган одамлар ёмғирдан қочиб, крематорий томи остига тўпланишганда, у қулаб тушган.   

Вайроналар остида ўнлаб одамлар қолиб кетган. Қутқарувчилар 38 кишини чиқариб олишга муваффақ бўлишган. Маҳаллий полициячилар ва ўт ўчириш қисмлари ходимлари қидирув-қутқарув ишларини давом эттиришмоқда.

Ҳиндистон президенти Рам Натх Ковинд ва бош вазир Нарендра Моди фожиа юзасидан ўз ҳамдардликларини билдиришган. Уттар-Прадеш штати бош вазири Йоги Адитянатх фожиа қурбонлари оилаларига 200 минг рупийдан (2,7 минг доллар) молиявий ёрдам кўрсатишни буюрган. 

Шунингдек, маҳаллий идораларга воқеани тергов қилиш ва у бўйича ҳисобот тайёрлаш вазифаси топширилган.

Мавзуга оид