16:45 / 07.01.2021
4309

Ўзбекистонда 2020–2030 йилларда нефть қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича дастур эълон қилинди

Фото: ТАСС

Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган муддатда нефть қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва геология-қидирув ишларини олиб бориш мақсадида дастур эълон қилинди. Унга жалб қилиниши кутилаётган хорижий инвестиция миқдори 1 миллиард 882 миллион долларга тенг бўлиши режалаштирилган. Бу ҳақда 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди.

Таъкидланишича, 2020–2030 йилларда нефть қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича дастур доирасида Қарши, Муборак, Андижон, Қоровулбозор туманларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва нефть қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ишлари олиб борилади.

Лойиҳа доирасида 2020–2030 йиллар оралиғида жами 10 минг 687 тонна нефть қазиб чиқариш мақсад қилинган. Дастурнинг умумий қиймати 2 миллиард 688 миллион доллар, шундан 1 миллиард 882 миллион доллари Швейцариянинг «Gas Project Development Central Asia AG» ва Кипрнинг «Belvor Noldings Limited» компаниялари томонидан киритиладиган чет эл инвестициялари ҳисобидан шакллантирилган.

Лойиҳа истиқболли майдонлар ва конларда қудуқлар ва объектларни тезкор қуриш орқали, кейинчалик углеводородларни қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш ва сақлаб туриш, шунингдек, хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш орқали уларни жиҳозлаш учун йўналтирилган.

Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан «2017–2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш бўйича» дастур амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилганди.

Маълумот учун, Gas Project Development Central Asia AG компанияси 2017 йилда «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида иш бошлаганди. Ушбу хорижий компания «Centrex Europe Energy & Gas AG» ва «Gazprom Germania GmbH» ўртасида тузилган қўшма корхона бўлиб, унга Бахтиёр Фозилов раҳбарлик қилади.

Top