Жаҳон | 23:16 / 08.01.2021
25150
2 дақиқада ўқилади

Трамп Байденнинг инаугурациясида қатнашмайди. Бунақаси АҚШ тарихида уч марта бўлган

АҚШ президенти Дональд Трамп 20 январ куни ўтказиладиган Жо Байденнинг инаугурация маросимида қатнашмаслигини маълум қилди. Трамп бу ҳақда Твиттердаги саҳифасида ёзди.

Фото: Reuters

«Мендан сўрайдиганлар диққатига: 20 январ куни инаугурация маросимида қатнашмайман», деб ёзди Трамп яқинда блокдан очилган саҳифасида.

АҚШнинг сиёсий одатларига кўра, мамлакат президенти ўзидан кейин ҳукумат раҳбарлигига келувчи бўлажак президентга ҳурмат кўрсатиб, инаугурация куни у билан бирга лимузинда Капитолий саройига бориши керак. Бу ҳукуматни тинч йўл билан топширишнинг рамзий кўриниши ҳисобланади.

Трамп ўзидан кейинги президентнинг инаугурация маросимида қатнашмайдиган биринчи президент бўлмайди. Унгача 1869 йил Эндрю Жонсон, 1829 йил Куинси Адамс ва 1801 йил Жон Адамс ҳам ўзидан кейинги президент инаугурациясида қатнашмаган. Трамп бу ишни XIX асрдан буён илк марта амалга оширадиган АҚШ президенти сифатида тарихда қолади.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс инаугурация маросимида қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақида гапирмаган, лекин қатор нашрлар унинг Байден «тахтни эгаллайдиган» маросимда қатнашишига ишонч билдирмоқда. New York Times эса Пенс маросимда қатнашиш учун расмий таклиф олмагани ҳақида ёзди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 20 январ кун ярмигача расман чекланган ваколатлар билан АҚШ президенти ҳисобланади. Маҳаллий вақт билан кун ярмида сайланган президентнинг инаугурация маросими бошланади. Байден қасамёд қабул қилиши билан АҚШнинг 46-президентига айланади ва маросим тугагач, ўз вазифасига киришади.

Қуйидаги суратларда АҚШнинг олдинги президентлари Барак Обама, кичик Жорж Буш, Бил Клинтон ва катта Жорж Буш ўзидан кейинги президентларнинг инауругация маросимларида қатнашгани тасвирланган.

Мавзуга оид