16:30 / 13.01.2021
5016

Фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, шунингдек, фуқароларга Конституциявий судга мурожаат килиш ҳуқуқи берилмоқда.

Фото: ksu.uz

13 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилган.

Қуйи палата мажлисида қайд этилишича, бугунги кунда Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан тартибга солиб келинмоқда. Аммо Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган регламент билан белгилаб берилган.

Аксарият мамлакатларнинг Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидаларни Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим.

Шунингдек, конституциявий суд ишларини юритиш амалиёти таҳлили мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишни тақозо этадиган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун лойиҳасида фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасида Конституциявий суд ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, Конституциявий суд ишларини юритиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш, Конституциявий суд муҳокамаси, муддатлари, Конституциявий суд қарорларининг ижроси масалалари аниқ қилиб белгиланмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Аввалроқ «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилаётгани, унга кўра Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар сафи ортиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Top