Иқтисодиёт | 17:46 / 13.01.2021
14876
3 дақиқада ўқилади

Сардор Умурзоқов: «Жорий йилдан бошлаб инвестициявий дастурларни амалга оширишда мутлақо «тескари» йўл тутамиз»

Охирги 3-4 йилдаги инвестициявий лойиҳалар самарадорлиги пастлиги сабаб, эндиликда лойиҳалар хомашё ёки экспорт бозорига яқинроқ жойга, логистика харажатлари инобатга олинган ҳолда жойлаштирилади.

12 январ куни Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов жорий йилда соҳада амалга оширилиши режалаштирилган ишлар, хусусан, ўзгараётган инвестицион сиёсат ҳақида айтиб берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Вазирга кўра, охирги 3-4 йилда амалга оширилган дастурларнинг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинганда лойиҳаларни танлашда мутлақо нотўғри ёндашув мавжудлиги маълум бўлган.

«Тан олишимиз керак, ўтган давр давомида инвестиция лойиҳаларининг танланиши ва шаклланишида нотўғри ёндашув бор эканлигини англаб олдик. Яъни инвестор келади, қайсидир ҳокимлигимиз ёки вазирлигимиз вакиллари билан учрашиб, уларга лойиҳасини беради. «Қайсидир ҳудудларингда мана шу нарсани ишлаб чиқармоқчиман», дейди. Биз уларга жой берамиз, шароит яратамиз, дастурга киритамиз, аммо лойиҳаларнинг бугунги кундаги ҳолатини таҳлил қилганимизда хатолик борлигини тушундик», – деди у.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг август ойидан бошлаб алоҳида экспорт ва инвестиция масалалари бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссия аъзоларининг хулосаси билан жорий йилдан бошлаб дастурларни амалга оширишда мутлақо «тескари» йўл тутилади.

«Эндиликда биз дастурларни амалга оширишда мутлақо «тескари» йўл тутишимиз керак. Биринчи навбатда, ҳар битта ҳудуд ва тармоқ таҳлилини амалга ошириб, ўзимиз учун керак бўлган қувватларни аниқлаймиз, қайсини яратишимиз керак ва уни қаерда жойлаштиришимиз кераклигини белгилаб олдик», – деди вазир.

Жорий йилдан бошлаб инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилишида маҳсулотнинг таннархини камайтириш ва рақобатдошлигини ошириш мақсадида лойиҳалар хомашё ёки экспорт бозорига яқинроқ жойга, логистика харажатларини инобатга олган ҳолда жойлаштирилиши айтилди.

Шунингдек, муайян тармоқ бўйича ёки маълум ҳудудда яшайдиган одамларнинг билим ва кўникмалари, тажрибалари ёки бу йўналиш улар учун анъанавий йўналиш эканлигини инобатга олиб, жамоатчиликнинг фикри ҳам ўрганилиши маълум қилинди.

Эндиликда лойиҳалар инвесторларга вазирлик қошидаги марказ томонидан ишлаб чиқилиб, тайёр ҳолда тақдим қилиниши мумкин. Шу билан бирга, вазирликда пост инвестицион мониторингни амалга ошириш учун алоҳида бўлинма ташкил қилинади.

Бўлинма лойиҳа тўлиқ қувватда ишлаётганини, кутилаётган натижа, ташкил қилинган корхона солиқ тўловчига, экспорт қилувчига, иш берувчига айланганлиги масалаларини тизимли таҳлил қилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун,  Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида 3 йил давомида 928 триллион 7 миллиард сўм миқдоридаги марказлашган ва марказлашмаган инвестициялар, жумладан, 37,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган.

Дастурга мувофиқ, 2021 йилда 226та янги ва йирик ишлаб чиқариш объектлари ҳамда қувватлари ишга туширилади. Натижада, 34 мингдан зиёд иш ўрни яратилади. 

Мавзуга оид