Жаҳон | 17:47 / 16.01.2021
3264
1 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда 18 январдан оммавий вакцинация бошланади

Дастлаб тиббиёт ходимлари эмланади. 1 февралдан эса ёши 65дан ошган фуқароларни эмлаш бошланади.

Озарбойжонда 18 январдан Хитойнинг Sinovac Biotech компанияси ишлаб чиқарган коронавирусга қарши CoronaVac вакцинаси билан оммавий эмлаш бошланади. ТАССнинг хабар беришича, мамлакат ҳукумати 4 млн доза вакцинага буюртма берган.

"18 январдан коронавирусга қарши эмлашни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди", - деди Озарбойжон президентининг ёрдамчиси Шаҳмар Мовсумов. Унинг қўшимча қилишича, мамлакатга вакцинанинг биринчи партияси келтирилган.

Озарбойжон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Теймур Мусаевнинг маълумот беришича, вакциналар Туркияда лаборатория текширувидан ўтказилган, сўнгра Озарбойжонга жўнатилган. 

Хабарда айтилишича, дастлаб тиббиёт ходимлари эмланади. 1 февралдан эса ёши 65дан ошган фуқароларни эмлаш бошланади.

 Шунингдек, Озарбойжонда карантин чекловлари 1 апрелгача узайтирилгани маълум қилинди. 

 Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 226,5 мингдан ошган, 3 мингга яқин киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид