Жамият | 20:30 / 19.01.2021
13869
3 дақиқада ўқилади

«Чекка ҳудуддаги ёшлар ҳам илм олиши керак» — 50 км наридаги мактабга қатнаётган поплик ўқитувчи

Дилфуза Йўлдошева 2015 йилдан бери Наманган вилоятининг олис қишлоғи - Поп туманидаги «Гулистон» маҳалласида жойлашган 21-мактабда дарс беради.

Унинг уйи мактабдан салкам 50 км узоқликда жойлашган. Ўз ҳудудида дарс соати етарли бўлмаганлиги сабабли шу қишлоқдан ХТБ орқали иш топган. Янги ишга кирган пайтлари одам ташишга мослаштирилган юк ташувчи машиналарда ҳам қатнаган.

«Машина баланд бўлганлиги сабабли ёнимиздагилар қўлимдан тортиб чиқариб қўйишарди. Тоғаларим, «Ҳа, жиян «грузовой»да бориб келяпсанми», деб кулишарди», — дея келиб кетишда учраган муаммоларни эслаб ўтди.

У мактабга бир ҳафтада 5 кун дарс бериш учун боради. Бир кунлик ўртача харажати 25–30 минг сўмни ташкил этади. Маоши эса 21 соат дарс учун 2 млн сўмни ташкил қилади.

«Йўлда келаётганимизда кўпчилик сўрайди, қоплайдими деб. Хўжайинимизнинг пулларидан олиб келаверамиз-да», — дея самимий табассум билан жавоб берди Дилфуза Йўлдошева.

У биринчи соатдаги дарсга етиб келиши учун уйидан эрталаб соат 6:30 да йўлга чиқади.

«Чекка ҳудуддаги болалар ҳам илм олиши керак», – дейди қаҳрамонимиз

Ушбу мактабда қолиб ишлайдиган ўқитувчилар ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Математика ўқитувчиси мактаб ҳовлисига ўрнатилган вагонда тунайди. Йўл харажатларини тежаш мақсадида у шу ерда қолади.

Аввалроқ «Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилингани эълон қилинган эди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан таълим сифати паст мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади.

Бунда бир вилоят доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган.

Биз ташриф буюрган мактаб ва унга қатнаб ишлаётган ўқитувчилар ҳам шу каби мезонларга тушади, деган умиддамиз.

Тоҳиржон Турсунов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид