Ўзбекистон | 20:04 / 27.01.2021
10094
4 дақиқада ўқилади

ХМТ Ўзбекистонда 2020 йилги пахта терими бўйича мониторинг натижаларини эълон қилди

Ўзбекистондаги 2020 йилги пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнат ҳолатлари тизимли равишда кузатилмади, 2019 йилга нисбатан пахта теримига мажбурлаш ҳоллари 33 фоизга камайган. Халқаро меҳнат ташкилоти шундай хулосага келди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти расмийлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда Ўзбекистонда 2020 йилги пахта мавсумидаги ХМТ мониторинги хулосалари маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

«Ўзбекистон 2020 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам беришда сезиларли ижобий натижаларни намойиш этишда давом этди. Аввалги йилларда бўлгани сингари, ишга жойлашиш учун қонунчиликда белгиланган минимал ёшга ётмаган болаларнинг пахта теримига жалб қилиниши билан боғлиқ айрим ҳолатлар қайд этилди, холос.

Пахта ҳосилини териб олишда мажбурий меҳнатга жалб қилинган фуқаролар улуши 2019 йилга нисбатан 33 фоизга камайди», – деди ХМТ «Учинчи томон мониторинги» лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп.

Йонас Аструп / Архив фото: Kun.uz

Унинг сўзларига кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда пахта ҳосилини йиғиб олишда болалар меҳнатидан тизимли равишда ортиқ фойдаланилмаяпти, деган фикрда.

Мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига жалб этилмаяпти, аммо болалар меҳнатидан фойдаланиш билан боғлиқ айрим ҳоллар кузатилган.

Бундан ташқари, 2020 йилги пахта ҳосилини йиғиб олишда тизимли мажбурий меҳнатдан ҳам фойдаланилмаган. Шу билан бирга, баъзи вилоятлар ва туманларда мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир ислоҳотларни жорий қилиш билан боғлиқ айрим қийинчиликлар кўзга ташланмоқда.

«Умуман, пахта теримчиларининг аксар кўпчилиги пахта теримида кўнгилли равишда қатнашган, уларнинг 4 фоизга яқини бевосита ёки ҳис қилинадиган мажбурлашга дучор бўлган.

Айрим вилоятлар ёки туманларда 2020 йилда мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар жуда кам кузатилган ёки умуман қайд қилинмаган», – деди ХМТ бош техник маслаҳатчиси.

Ҳисоботда қайд этилишича, мажбурий меҳнатга жалб қилинган кишиларнинг сезиларли қисми маҳаллий мансабдор ёки раҳбарлардан бевосита таҳдидни ҳис қилишмаган, балки пахта теримига чиқишни рад этган тақдирда ўз ҳуқуқлари ёки имтиёзларидан маҳрум бўлиш сингари эҳтимолий салбий оқибатлардан хавотирланишган.

ХМТ мониторингини олиб борган кузатувчилар, пахта терими учун ҳақ тўлашга ўтган йилларга нисбатан ўсганини қайд этишган. Теримчилар иш ҳақларини ўз вақтида олган, 2020 йилда бир теримчи ўртача 1,54 млн сўм ишлаб топган.

Теримчиларнинг 60 фоизи 2020 йилги пахта терими ушбу йилдаги ягона даромад манбайи бўлганини таъкидлашган. Уларнинг аксарияти, меҳнат шароитлари 2019 йил билан қиёслаганда яхшиланганини эътироф этгани ҳолда, 3 фоиз респондент шароитлар 2019 йилга нисбатан ёмонроқ бўлганини айтишган.

«Теримчиларнинг 64,6 фоизини аёллар, 35,4 фоизини эркаклар ташкил этди. Уларнинг 81 фоизи қишлоқ аҳолиси, 19 фоизи шаҳарликлардан иборат эди.

Теримчиларнинг 52,6 фоизи оиласининг бошқа катта ёшли аъзолари билан бирга пахта теришга келган. 18–50 ёшдаги умумий аҳолининг 15 фоизи пахта теримида иштирок этиш таклифини олган. Уларнинг 7,9 фоизи таклифни қабул қилган, 7 фоизи рад этган.

Бундан ташқари 5 фоиз теримчи ишга ёлланиш учун бевосита фермерга мурожаат қилган. Теримчиларнинг ҳар бири ўртача 21 кун мавсумда иштирок этган», – деди Йонас Аструп.

ХМТ ҳисоботида ёзилишича, ижтимоий тармоқларда ҳарбийлар ва фавқулодда вазиятлар бўйича хизматлар ходимларининг пахта теримига жалб қилинганига доир айрим хабарлар пайдо бўлган. Бу хабарлар расман суриштирилган, бироқ тўлиқ ахборот ва далиллар бўлмагани учун тасдиқлаш имкони бўлмаган.

Маълумот учун, пахта терими кабиларда ҳарбий хизматчилар хизматидан фойдаланиш – ХМТ Конвенциясига зид.

Мавзуга оид