12:33 / 01.02.2021
17380

«Мирзиёев ислом динини жамиятни руҳлантириш, жипслаштириш, эркинлаштириш воситаси сифатида кўряпти» – сиёсатшунос

Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистоннинг биринчи ва амалдаги президентларининг ислом динига муносабатини таҳлил қилган. У президент Мирзиёев жамиятнинг диний эҳтиёжларини ҳис қилаётгани, уларни қондириш учун давлат сиёсати даражасида имконият излаётганини таъкидлаб ўтган.

«Тошкентда қурилаётган «Ислом цивилизацияси Маркази» ҳақидаги репортажни кўрдим. Президент Мирзиёев бу марказга кўп марта келиб, ўз фикрларини билдириб, қарашларини такрорлаб келяпти. Ислом ва мусулмонлар борасида Мирзиёев Каримовдан кескин фарқ қилади. Каримов жамиятнинг диндорлик даражаси билан курашиб келди, исломни қолоқлик ва ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш мафкураси сифатида қабул қилди.

Мирзиёев эса ислом динини жамиятни руҳлантириш, жипслаштириш, эркинлаштириш учун восита сифатида кўряпти. Асосийси, ислом ўзлиги ва анъанавийлигидан ҳайиқмайди. Фақат, диннинг жамият тараққиётига тўсқин бўладиган талқинига рози бўлмайди. Бу маънода, Мирзиёев ислом ва мусулмонлар билан курашишга мойил эмас, балки барча эркин ва тараққиётга мойил бўлган мусулмон давлатларидаги каби, радикал талқинларга қарши», деб ёзади сиёсатшуноc ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Раббимов Ўзбекистоннинг биринчи президентидан фарқли ўлароқ Мирзиёев мақсади – назорат қилиш ва бостириш эмас, ҳақиқий исломий маърифат, илм ва ўзликни парваришлаш ҳисобланишини қайд этиб ўтган.

«Каримовнинг дунёқараши атеистик СССРда шаклланган эди. Мирзиёевнинг қарашлари эса, кўпроқ «перестройка» ва «каримовча» зиддиятлар даврида шаклланди. Асосийси, президент Мирзиёев жамиятнинг диний эҳтиёжларини ҳис қиляпти, уларни қондириш учун давлат сиёсати даражасида имконият излаяпти. Яқинда қиз-жувонлар ўқув даргоҳларида ўраниб юришини ҳимоя қилувчи шахсни [Абдуқодир Тошқулов назарда тутилмоқда – таҳр.] Олий таълим вазири сифатида тайинлаши ҳам бу сиёсатнинг унсурларидан бири ҳисобланади.

Президент Мирзиёевнинг қарашларига кўра, баҳайбат қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази бутун Марказий Осиёдаги шу йўсиндаги ягона муассаса бўлиши керак. Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига дахлдорлигини урғуловчи, жамиятга ислом маданияти ва маърифатини тарқатувчи, истиқболда бу борада стратегик ғоялар, лойиҳалар, ёндашувлар ишлаб чиқиш учун ҳам асосий майдонча бўлиши назарда тутилади.

Каримов ҳам «Тошкент Ислом университети»га асос солганди, Путинни олиб бориб, динни назорат қилиш технологияси билан мақтанган эди. Лекин Мирзиёевнинг мақсади – назорат қилиш ва бостириш эмас, ҳақиқий исломий маърифат, илм ва ўзликни парваришлаш эканлиги кўриниб турибди», дейди у.

Top