Ўзбекистон | 23:30 / 03.02.2021
13759
6 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти қайтадан ташкил этилади. Россия компанияси бу борада концепция ишлаб чиқмоқда

Самарқанд шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳардаги транспорт ҳаракатини тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилаётган концепция кўриб чиқилди. Сессияда ОАВ вакиллари ҳам қатнашди.

30 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор мажлисида Самарқандда жамоат транспорти фаолиятини шакллантириш бўйича аниқ кўрсатма берганди: «Вилоят ҳокимлиги ва мутасадди вазирликларга Самарқанд шаҳрида қулай транспорт тизимини яратиш бўйича бош режа лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Унда йирик чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, алоҳида йўлакли автобуслар ҳаракатини ташкил этиш, кўп ўринли автобуслар қўйиш ва интервалларини қисқартириш чоралари белгиланади», дейилганди хусусан хабарда.

Ўша кўрсатмадан сўнг Самарқандда жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш бўйича режа ишлаб чиқиш ишлари бошланди. Айни дамда Россиянинг «SIMETRA» компанияси Самарқанд шаҳри ва шаҳарнинг 40 км радиусидаги ҳудудида транспорт ҳаракатини тартибга келтириш бўйича режа устида ишламоқда. Режа 1 сентябр куни тайёр бўлиши маълум. Унгача россиялик мутахассислар одамлар ўртасида турли хил сўровномалар ўтказиб, ОАВ ёрдамида жамоатчилик фикрини ўрганиб боради.

«SIMETRA» компанияси мутахассиси Кристиан Бёттгер мутахассис сессияда чиқиш қилди: «Биз транспорт вазирлиги томонидан чақирилдик ва вазифамиз Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти масаласида аниқ режа ишлаб чиқиш. Самарқанддаги жамоат транспорти замонавий ва сифатли бўлиши керак деб ўйлайман, чунки Самарқанд машҳур шаҳар. Мен Германияда туғилганман ва биз учун Самарқандга келиш ўзгача орзу эди. Сизда сайёҳларни жалб қиладиган тарих бор, лекин уларга хизмат кўрсатиш учун ташкил қилинган сервислар, хусусан, жамоат транспорти ҳам шунга мос бўлиши керак деб ўйлайман.

Ишлаб чиқаётган режамизда жамоатчилик фикрини ўрганамиз. Одамлар қандай ўйлашига қараб режамиз ўзгариши мумкин ва 1 сентябргача у тайёр бўлади. Бизнинг компания 2005 йилдан транспорт ҳаракатини шакллантириш бўйича ишлаб келамиз. Самарқандда эса 40 км радиусдаги транспорт ҳаракатини тартибга солувчи режа ишлаб чиқишимиз керак.

Биз ўтган йили Ростов шаҳридаги транспорт режасини ишлаб чиққанмиз. Шунингдек, Челябинск, Алмати, Кишинёв, Краснодар шаҳарларида ҳам транспорт режаларимизни амалга оширганмиз. Фирмамиз Москвада ҳам ишлаган.

Режа ишлаб чиқиш жараёнида одамлар ўртасида сўровнома ўтказиб, улар қандай транспортларда, қанча муддат ҳаракатланишини билишга уринамиз. Ҳар қандай таклифларни қабул қилишга тайёрмиз, ҳатто ишониш қийин бўлган таклифларни ҳам. Албатта, қиладиган ишларда шаҳар бюджети ҳолатидан келиб чиқиб ишлаб чиқамиз. Масалан, биз метро қуриш кераклигини таклиф қилишимиз мумкин, лекин бу учун катта пул кетади. Шунингдек, Самарқандда транспорт ҳаракатини шакллантириш учун кўп вариантларга эга бўлмаймиз, чунки ЮНЕСКО Самарқанддаги аксар жойларни ўз ҳимоясига олган. Бу эса биз учун чеклов пайдо қилади ва биз айнан шу чегарада максимал фойдали ишлашимиз керак. Бир сўз билан айтганда бор имкониятдан тўғри фойдаланишга ҳаракат қиламиз».

Транспорт вазирлиги вакили Мурод Обидов ҳам сессияда чиқиш қилди: «Самарқанд шаҳрига туманлардан 114 минг одам кириб келади. Самарқандда ҳаракатланаётган 500 дан ортиқ жамоат транспорти воситалари кунига 140 минг йўловчи ташимоқда. Шунингдек, Самарқандга бошқа вилоятлардан ҳам кўплаб йўловчилар кириб келади. Ишлаб чиқиладиган режада айнан мана шу омиллар инобатга олинади. Бутун дунёда жамоат транспорти давлат томонидан субсидия қилинадиган соҳа ҳисобланади. Президентимиз мана шу борада ҳам аниқ топшириқ бердилар. Самарқанддаги транспорт ҳаракатини режалаштирадиган фирма Россияда юк ташиш концепциясини ишлаб чиққан.

Йўллардаги тирбандликнинг олдини олиш учун аниқ режа асосида ишлаш керак, чунки бу жиддий муаммо. Масалан, Тошкентда бир йилда машиналарнинг тирбандликда туриши оқибатида 128 миллион доллар йўқотилади. Яъни, кимдир иш вақтини йўқотади, машиналарда ортиқча энергия сарфланади, шунингдек, ҳавога заҳарли газлар чиқади. Бу кўрсаткич Сеулда 8 миллиард долларни ташкил этиши маълум.

Кафтархона ҳамда Ҳазора каби Самарқанддаги икки йирик автостанция томондан шаҳарга ҳар куни 70 мингдан ортиқ одам кириб келади. Улардан ҳаракатланаётган 40 та маршрут Университет хиёбонида кесишади. Шу сабаб хиёбон атрофидаги йўл 90 та автобус ҳаракатланадиган махсус йўлга айлантирилиши мумкин. Натижада автобусларнинг ҳаракати тезлиги ошади. Бу эса одамларда шахсий транспортдан кўра жамоат транспортидан фойдаланиш яхшироқ деган тушунча пайдо бўлади.

Самарқанддаги муаммоларни ўрганиб чиққанмиз. 2019 йил текширганда вокзалдан шаҳар марказига қараб юрганда тезлик 16-17 км/соат бўлганди. Пандемиядан кейин бу тезлик 11 км/соатга тушиб қолди. Бу эса шаҳарда транспортнинг ҳаракатланиши қийин бўлиб кетганидан дарак беради. Бизнинг таклифимизга кўра, Самарқанддаги Мирзо Улуғбек кўчасида жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ташкил қилиш орқали уларнинг ҳаракат тезлигини уч баравар кўпайтириш мумкин. Яъни, шаҳарнинг махсус қисмларида жамоат транспортида ҳаракатланиш шахсий транспортда юришдан фойдали бўлиб қолади», деди вазирлик вакили.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид