Ўзбекистон | 15:45 / 05.02.2021
10964
3 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди

350 миллиард сўм сарфланиб, вилоятдаги чўл жойлар, яйлов ва адирликларда 33 минг гектар ер ўзлаштирилади. 100дан ошиқ кўп қаватли уйлар барпо этилади, 503 км йўллар таъмирланади. Бирламчи тиббиёт бўғинини ривожлантириш учун 16та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника ташкил этилади.

Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг сессиясида аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифалари белгиланди.

Шаҳар ва туманларни маҳаллабай тизимда ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 76та секторнинг ҳар бирида иқтисодий комплекснинг малакали ходимларидан иборат бошқарув офислари ташкил этилиши айтилди. Бу мутахассислар маҳаллага бириктирилган банк ходимлари билан бирга, жойлардаги шароитни ўрганиб, лойиҳаларни шакллантиради ва амалга оширишга кўмаклашади. Зарур бўлса, ишсиз аҳоли, ёшлар ва аёллар касб-ҳунарга ўргатилади.

Фарғона вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 17 триллион сўмлик 949 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши таъкидланди. Бунда кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электротехника саноати «драйвер» бўлади.

Хусусан, «Фарғона азот» акциядорлик жамиятида жами 537 миллион долларлик 3та лойиҳа, тўқимачиликда 154 миллион долларлик 14та лойиҳа амалга оширилади.

Вилоятда ер ресурси чеклангани сабабли чўл жойлар, яйлов ва адирликларда 33 минг гектар ер ўзлаштирилади. Бунга сарфланадиган 350 миллиард сўмлик харажатларнинг 110 миллиард сўми субсидия ҳисобидан қоплаб берилади.

Ижтимоий соҳаларни, инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди. Жорий йилда вилоятнинг 11та жойида 105та кўп қаватли уйлар барпо этилиши таъкидланди. 312 миллиард сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан 503 километр йўлларни таъмирлаш бўйича вазифа қўйилди.

Янги ташкил этилган Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда, мақсадли тиббий кўрик ва консультациялар ўтказиш, бирламчи тиббиёт бўғинини ривожлантириш учун 16та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йилда Фарғона вилоятидаги 19та туман ва шаҳарларда биттадан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиши, «Ёшлар: 1+1» лойиҳаси доирасида 8 мингдан зиёд ишсизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилиши белгиланди. Хотин-қизларнинг ўз ишини очишига кўмаклашиш, муҳтожларнинг уй сотиб олиши учун бошланғич бадал пулларини тўлаб бериш, ажралишларнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид