Ўзбекистон | 18:14 / 08.02.2021
4870
4 дақиқада ўқилади

Сўнгги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида 371 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган – Бош прокуратура

23 млрд сўмлик 21 та объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилган.

Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ҳисоб палатаси томонидан республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилиб, қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилиши соҳаларида қонунийлик аҳволи ўрганилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура сайтида маълум қилинди.  

Қайд этилишича, сўнгги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида республика бўйича 371 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. 

“Афсуски, қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилишини амалга ошириш учун белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилмаслик, пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш ёхуд манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш каби коррупциявий ҳолатлар кўплаб  кузатилмоқда.

Биргина ижтимоий тармоқларда бу борада деярли ҳар куни бериб борилаётган ташвишли хабарларнинг ўзи мазкур ҳолатларнинг исботидир.

Шу боис, коррупция иллатига барҳам бериш, қонун устуворлиги ва жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ҳисоб палатаси томонидан республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилиб, қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилиши соҳаларида қонунийлик аҳволи ўрганилмоқда”, дея маълум қилинади Бош прокуратура томонидан.

Таъкидланишича, қисқа муддатда мазкур соҳаларда қонунийликни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Маълумот берилишича, жумладан, прокурорлар томонидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида жами 452 та объектда текширишлар ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 46 та тақдимнома киритилди. 337 нафар шахс маъмурий ва 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, келгусида қонун бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида 126 нафар мансабдор шахс ёзма равишда огоҳлантирилди.

Президент топшириғига асосан 1379 та янги объектнинг лойиҳа ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганда, дастлабки қийматга нисбатан 1,5 трлн сўм ёки 22 фоиз харажатлар ортиқча ва асоссиз киритилганлиги аниқланиб қисқартирилди. 

Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан жами 82 та объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текширишлар ўтказилиб, 66 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Шу билан бирга, 23 млрд сўмлик 21 та объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилган.

Текширишларда аниқланган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 111 та жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари қатъий назоратга олинди ва айни пайтга келиб 24 та жиноят иши суд муҳокамасига юборилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича давлат ва жамият манфаатларига 260,7 млрд сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, унинг 47,6 млрд сўми ундирилиши таъминланди.

Айни вақтда, етказилган зарарларни ихтиёрий тўламасдан келаётган, тергов ва суддан яшириниши эҳтимоли бўлган 36 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

“Юқорида қайд этилган ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижалари бўйича эса кенг жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб борилади”, дейилади Бош прокуратура томонидан.

Мавзуга оид