Ўзбекистон | 23:40 / 13.02.2021
8874
4 дақиқада ўқилади

ИИВ Оҳангарондаги колонияда маҳкум қийноққа солинганини рад этди. Унинг телефонидан диний материаллар топилган

ИИВ Оҳангарондаги 48-сонли манзил-колонияда маҳкум Файзулло Маюнусов қийноққа солинганини рад этди. Вазирликнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бирламчи тиббиёт текшируви натижасига кўра, унинг баданида бирор-бир тан жароҳати излари аниқланмаган.

ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ўтказган дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, маҳкум Ф.Маюнусовга манзил-колонияда жазони ўташ шартлари, маҳкумларнинг ҳуқуқ-мажбуриятлари, муассаса маъмуриятининг қонуний талабларини бажариш ва интернет тармоғига уланувчи, видео ва овоз ёзишга мўлжалланган уяли алоқа воситасидан фойдаланиш мумкин эмаслиги тушунтирилган бўлса-да, у ички тартиб қоидаларга амал қилмасдан, «Samsung Galaxy Note 5» маркали телефондан фойдалангани аниқланган.

Шу сабаб билан у манзил-колония бошлиғининг қарори асосида интизомий жазога тортилган.

«Маҳкумнинг яширин тарзда фойдаланган уяли алоқа воситаси хотирасида аниқланган диний мазмундаги материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ёки тақиқланмаганига аниқлик киритиш мақсадида судга оид диншунослик экспертизаси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага юборилган.

Маҳкум Ф.Маюнусовдан уяли алоқа воситасини ходимлар томонидан расмийлаштириб олиниши ҳамда интизомий бўлинмага киритиш жараёни билан боғлиқ суриштирув ишлари вақтида, унга колония ходимлари томонидан ҳеч қандай руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилмаганини ўз тушунтириш хатида маълум қилган.

Шунингдек, бирламчи тиббиёт текшируви натижасига кўра, унинг баданида бирор-бир тан жароҳати излари аниқланмаган», – дейилади ИИВ ахборотида.

Аввалроқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати маҳкумга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилган эди.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, жазони ижро этиш тизимидаги муассасаларда жазо муддатини ўтаётган шахслар, содир қилган жиноятидан қатъи назар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, улардан режим талабларига риоя қилиш бирдек талаб қилинади.

Муассасаларда ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмай, тартиббузарлик содир қилган маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 105-моддаси талаблари асосида интизомий жазо чоралари қўлланилади.

«Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, ОАВда эълон қилинган «Оҳангаронда маҳбусни майор ва оперлар калтаклади» сарлавҳали мақолада 48-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Ф.Маюнусовга нисбатан тазйиқ бўлганига урғу берилган. Ҳозирда муассаса маъмуриятига нисбатан туҳмат қилиш ва ёлғон хабарларни тарқатиш сабаблари текширилмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазаси доимий равишда прокуратура органлари ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назорат қилинади», – дейди Шоҳрух Ғиёсов.

Куни кеча Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ЖИЭМлардаги қийноқлар мавзусида фикр билдирган эди.

Депутатнинг айтишича, қамоқхоналардаги қийноқ ҳолатлари аниқланмай қолаётганининг сабабларидан бири – бу борада тегишли хулосани берувчи тиббиёт ходимлари Ички ишлар вазирлигига бўйсунишидир. Қамоқхоналардаги тиббиёт ходимларини ИИВ эмас, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўйсунувига ўтказиш ҳақида ўтган йили омбудсман киритган таклиф очиқ қолган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид