19:20 / 15.02.2021
16535

Бош прокурор бюджет маблағлари ўғирланишининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишларни танқид қилди

Ниғматилла Йўлдошев Бош прокуратура ҳайъатидаги чиқишида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишларни танқид қилиб, бу борадаги фаолиятни кучайтириш бўйича барча прокурорлар ва Департамент органлари раҳбарларига талаб қўйди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисни Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев олиб борган. Унда Бош прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этган.

«Ҳайъатда бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишлар кескин танқид қилиниб, бу борадаги фаолиятни кучайтириш бўйича барча прокурорлар ҳамда Департамент органлари раҳбарларига қатъий талаблар қўйилди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳимоясини амалда таъминлаш борасида кўрилган чораларни эътироф этиш билан бирга, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашиш ва текшириш ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларни фош этиш ва тегишли чоралар кўришда сусткашликка йўл қўйган прокурорлар огоҳлантирилиб, уларга аниқ топшириқлар берилди», – дейилади Бош прокуратуранинг расмий релизида.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Прокуратура терговчиларининг билими ва малакаси ошириш, ҳудудларда жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини самарали таъминлаш бўйича ҳам масъулларга топшириқлар берилган.

Шунингдек, прокуратура органларида иш юритиш ва ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ўтган йилдан тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани қайд этилиб, фаолиятга замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ишларини тизимли равишда олиб бориш лозимлиги белгиланган.

Кенгайтирилган ҳайъат мажлисида кадрлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ходимлар ўртасида коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш борасида мавжуд камчиликлар, амалга оширилиши талаб этиладиган вазифалар, ўтган йилда йўл қўйилган айрим нуқсонлар юзасидан масъулларнинг изоҳлари тингланган ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилган.

Top