Иқтисодиёт | 19:50 / 17.02.2021
14419
2 дақиқада ўқилади

«Обналчилар» туфайли ҳисобрақамга қўйилган инкассо вақтинча қайтариб олинди — ДСҚ

ДСҚ шубҳали корхоналар билан алоқада бўлган, солиқ хавфи паст тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобрақамларидан инкассо топшириқлари жорий йилнинг 1 март санасигача қайтариб олинганини маълум қилди.

Давлат солиқ қўмитасининг «Лозим даражадаги эҳтиёткорлик» тизими орқали маълум қилинган 396та шубҳали корхоналар билан алоқада бўлган 2960та корхона, дастлабки текширув натижаларига кўра, солиқ хавфи паст бўлгани учун ҳисобрақамларига киритилган инкассо топшириқлари жорий йил биринчи мартига қадар бекор қилинди. Бу ҳақда 17 февраль куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ДСҚ департаменти директори Хуршид Бозоров маълум қилди.

«Куни кеча ижтимоий тармоқларда бўлган воқеаларга келсак, дастлабки камерал натижасида, тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан 3-5 феврал кунлари 396та шубҳали корхоналар ва уларнинг 8536та контрагентларига хабарномалар жўнатилган эди. 

Шундан сўнг хабарномага жавоб берган 589та корхона ўз ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиб, 30,2 миллиард сўм қийматда қайта ҳисобот тақдим этди. Шуларнинг 141таси 5,4 миллиард сўмга асослар тақдим этди ва ДСҚ томонидан булар инобатга олинди.

Шубҳали корхоналар билан молиявий алоқада бўлган, лекин солиқ хавфи юқори бўлмаган 2960та субъектларнинг банкдаги ҳисобрақамларидан жорий йилнинг 1 мартига қадар инкассо топшириқлари вақтинча қайтариб олинди», – деди ДСҚ департаменти директори.

Таъкидланишича, инкассо топшириғи қайтариб олинган корхоналар белгиланган муддатгача ҚҚС ҳисоблашда ноқонуний ҳаракатни амалга оширмаганини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши сўралади.

Маълум қилинишича, тезкор ўтказилган камерал солиқ текшируви 122та корхонада якунланган, шундан 117таси, яъни 96 фоизида шубҳали операциялар ўз тасдиғини топиб, 5 миллиард сўм солиқлар қўшимча ҳисобланган.

Aввалроқ «обналчилар» можароси туфайли Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ишдан олингани маълум қилинган эди.

Шунингдек, ДСҚ томонидан «обналчи фирмалар» билан кураш бошлангани , ундан олдин «обналчилар» можароси юзасидан тадбиркорларнинг норозилиги ҳақида маълумот берилган эди.

Мавзуга оид