Ўзбекистон | 14:04 / 20.02.2021
4121
1 дақиқада ўқилади

Олий Мажлисда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасидаги ишлар бўйича ҳисобот эшитилади

22 февраль, душанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлисда коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича ҳукумат вакилларининг ҳисоботи эшитилади.

Ҳисобот Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи – соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда оммавий эмлаш тадбирлари март ойида бошланиши кутилмоқда.

Эмлашда Россиянинг «Спутник V» ва Хитойнинг «ZF 2001» вакциналари қўлланади. Ҳар иккала вакцинадан 1 миллионтадан доза сотиб олинмоқда.

Биринчи босқичда 4 112 668 нафар аҳоли эмланиши, битта эмлаш пунктида бир кунда 70 киши вакцина олиши кутилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид