Филолог, блогер Шаҳноза Соатова YouTube'даги «Ular» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди. Интервью давомида у бир нечта мавзулар қатори ўзбек-лотин алифбосига ўтиш масаласида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Аввал бошдан алифбони нега ўзгартирганмиз? Буни ҳеч ким рад этмайди, бунда сиёсий мотивлар рол ўйнаган. Талаба бўлган пайтларимизда устозларимиздан нимага ўтяпмиз, деб сўраганмиз. Дарсда бўлмаса-да, кейин айтишарди: «Биз дунёни ўзбекча англашимиз, советча тафаккурдан қочишимиз керак. Ҳамма нарсамиз ўзгариши, дунёга чиқишимиз керак». Бу – албатта сиёсий мотив ва бугун ҳам бу нарса турибди.
Бундан ташқари, биз лотин ёзувига ўтишни қонун даражасида қабул қилиб қўйганмиз. Қонун бўлгандан кейин эса бажарилиши лозим. Бу борада бошқа нима баҳс бўлиши мумкин.
Ўзбек-лотин алифбосидаги асосий муаммо – диакритик белгилар ишлатилиши («o‘» ва «g‘» ҳарфларида) ҳамда қўшҳарфлар масаласи («sh» ва «ch»). Буни икки йилча аввал жиддий баҳс қилганмиз, асосий муаммо техник жиҳатларга бориб тақалади. Ўзбек тилининг корпуси, электрон луғатлар, тезарусларни яратиш ҳақида гапиряпмиз, лекин «o‘» ва «g‘» ҳарфларидаги диакритик белги сўзни иккига бўлиб ташлаяпти. Натижада электрон мусаҳҳиҳ уни икки сўз деб қабул қилади, электрон мусаҳҳиҳ тўлиқ ишламайди.
Биз бугун бутун дунё ҳал этиб қўйган техник масалани ҳам қабул қилмай, муаммо атрофида айланиб юрибмиз.
Икки ёки тўртта ҳарф ўзгаргани саводга катта таъсир қилмайди деб ҳисоблайман. Асосий жиҳати – ўзбек-лотин ёзувида ўқиш малакасининг камлиги. Амалиётда жуда кам ишлатилади. Масалан, бола дарсликларда лотинча ўқиб чиққан бўлса ҳам, кейинги жараёнларда, ОАВда, китобларда кўпинча кириллдан фойдаланади. Лотинчадаги матнларни кўпайтирсак ва ўқийверсак, кимгадир бир ой, кимга 6 ой ичида кўникиш орқали бу нарса ўтиб кетади. Чунки бошқа давлатлар ўтдику.
Алифбо ислоҳоти масаласи кўтарилган пайтда кўпчиликда шундай фикр бўлди: «Ҳозирги аҳволимиз шундоқ ҳам аянчли, на кириллда қоляпмиз, на лотинга тўлиқ ўтяпмиз, устига устак лотин алифбосидаги 4 та ҳарфни ўзгартириш халқни бунданда баттар саводсизлаштирмайдими?»
Мен айтаманки, ваҳиманинг кўзлари катта бўлади. Биз ўзгаришлардан қўрқамиз. Фикрлашиб ўтирсак-у, бажариб кўрмасак, ваҳимали кўринаверади. Тезда бажариладиган ишни қилмаслик ҳам бизни орқага тортади. Лотинчага ўтишдаги муаммолар ҳам шундаки, биз ортиқча мушоҳада қилиб юбордик, амалда эса ҳеч нарса йўқ.









