14:29 / 25.02.2021
9226

Фото: Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация БАА полиция тизими билан танишди

Жорий йилнинг 20 - 24 феврал кунлари Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация БАА бош вазири ўринбосари – ички ишлар вазири Шайх Саиф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашиш, Амирликлар Ички ишлар вазирлиги ва полиция тизими фаолияти билан танишиш ҳамда «IDEX - 2021» Халқаро мудофаа ва хавфсизлик кўргазмасида иштирок этиш мақсадида ушбу мамлакатга расмий ташриф билан борди.

Ички ишлар вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 21 феврал куни Пўлат Бобожонов ва БАА ички ишлар вазири шайх Саиф бин Зоид Ол Наҳаён ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар вазирликлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, жиноятчиликка қарши кураш, Амирликлар Ички ишлар вазирлиги тизимида кенг қўлланиб келинаётган илғор технологиялар, фуқароларга электрон хизмат кўрсатиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳамда истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.

21 феврал куни ИИВ делегацияси Абу-Дабида бўлиб ўтаётган «IDEX-2021» Халқаро мудофаа кўргазмаси очилишида иштирок этди. 110дан ортиқ давлат делегациялари қатнашган халқаро кўргазмада 900дан ортиқ экспонентлар намойиш қилинди, унга 70 мингдан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрди.

Шунингдек, делегация БАА Ички ишлар вазирлиги Куч ва воситаларни бошқариш маркази фаолияти билан танишди.

Маълум қилинишича, Амирликлар Ички ишлар вазирлигининг Куч ва воситаларни бошқариш маркази Ўзбекистонда фаолият юритаётган «102» тизимининг аналоги ҳисобланади. Тизим мамлакат Ички ишлар вазирлигида мавжуд бўлган қуроллар, транспортлар ва бошқа турдаги воситаларни назорат қилиш имконини беради, айни вақтда уни 10дан ортиқ давлат органлари билан интеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда барча техникалар ва полиция ходимларининг шаҳар бўйлаб реал вақт тизимида жойлашувини назорат қиладиган тизимни ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги Стратегик департаментида келажакда пайдо бўладиган ва ривожланадиган жиноят турларини даврлар кесимида таҳлил қилиш ва уларга ўша давр шароитида курашиш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Таҳлилларга кўра, келгуси 3 йилда кибержиноятларнинг янги турлари энг катта хавф туғдириши, 20 йилдан сўнг космик жиноятлар пайдо бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Дубай шаҳар полицияси бошлиғи, генерал-майор Абдуллоҳ Халифа Ол Марри билан ҳам учрашув ўтказди.

Маълум қилинишича, Дубай полицияси Куч ва воситаларни бошқариш марказига шаҳардаги 20 мингдан ортиқ камералар фаолияти тўғридан тўғри интеграция қилинган.

Шаҳар қонунчилигига кўра, кўчмас мулк эгалари ўз мулкларига камералар ўрнатмаса жаримага тортилади. Содир этилган жиноятларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида шаҳарда марказий тизимга уланган вертолётлар хизматидан фойдаланилади ҳамда мавжуд бўлмаган маълумотларни бошқа департаментлардан олиш тўлиқ электрон тизим орқали амалга оширилади.

Шунингдек, мавжуд маълумотлар ва электрон базага жойлаштириладиган жиноятлар таҳлили асосида жиноятлар содир этилиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлаб берувчи электрон тизим ишлаб чиқилган. У томонидан берилган прогнозлар 68 фоизгача аниқлик намойиш қилган.

Мазкур тизим қачон ва қайси ҳудудда жиноят содир этилиши мумкинлигини ҳам кўрсата олади. Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳудудлар қизил рангда акс эттирилиб, патруль гуруҳлари фаолияти шу ерда кучайтирилади.

Дубай шаҳридаги туристик объектлар ва ташриф буюрувчи сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Дубай шаҳрида «Ақлли полиция маскани – Smart police station» фаолиятлари йўлга қўйилган. 7 тилда фаолият кўрсатувчи шундай марказлардан ҳозирча шаҳарда 11та бор, яна 24та қуриш режалаштириляпти.

Top