Жаҳон | 21:04 / 27.02.2021
8314
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Ўзбекистон томонидан қурилган замонавий тиббиёт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Қайд этилишича, ушбу мажмуада жойлашган коронавирус беморларини қабул қилиш-тақсимлаш маркази Тожикистонда ягона ҳисобланади.

Иллюстратив фото

Тожикистоннинг Қубодиён туманида Ўзбекистон томонидан 2018 йилда қурилиши бошланган замонавий тиббиёт мажмуаси қуриб битказилди, у беморларни қабул қилишга тайёр, деб хабар бермоқда «ASIA-Plus».

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон илтимосига кўра мажмуада қўшимча равишда коронавирус беморларини қабул қилиш-тақсимлаш марказини ҳам қуриб берган.

Мажмуа қурилиши ва уни жиҳозлаш «Ўзбекнефтегаз» АЖ томонидан молиялаштирилди, деб хабар берган «Азия-Плюс»нинг Тожикистон ҳукуматидаги манбаси.

Қайд этилишича, ушбу мажмуада жойлашган коронавирус беморларини қабул қилиш-тақсимлаш маркази Тожикистонда ягона ҳисобланади.

«Бу ердаги жиҳозлар инсонда коронавирус инфекцияси бор-йўқлигини қисқа вақт ичида аниқлаш ва инфекция аниқланган беморларни малакали ёрдам олиш учун зудлик билан ҳудуд ва пойтахтдаги шифохоналарга жўнатиш имконини беради», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, марказ қурилиши Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил мартда Душанбега амалга оширган ташрифи давомида Ўзбекистон ҳукуматининг маъқулланган лойиҳаларидан бири ҳисобланади. 

Бундан ташқари, келишувлар доирасида 2020 йил сентябрда Спитамен туманида қурилиши Ўзбекистон томонидан молиялаштирилган 630 нафар ўқувчига мўлжалланган мактаб фойдаланишга топширилган. 

Тожикистон ҳукумати бунга жавобан Самарқандда 640 нафар ўқувчига мўлжалланган мактаб ва Фарғонада болалар боғчаси қуриб беришини маълум қилган. 2018 йил мартда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бу борада тегишли фармойишни имзолаган.

Мавзуга оид