Жаҳон | 08:40 / 28.02.2021
13755
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШнинг Сурияга берган зарбаси сабабини тушунтирди

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден конгрессга йўллаган мактубида Сурияга берилган авиазарба сабабини тушунтирди. Унинг таъкидлашича, Суриядаги Эронни қўллаб-қувватловчи кучлар америкалик ҳарбийларга қарши янги ҳужумлар тайёрлаган.

“25 февралдаги буйруғим билан АҚШ қуролли кучлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи нодавлат гуруҳлар фойдаланадиган инфратузилмага аниқ зарба берди”, деб айтилган мактубда.  

Таъкидланишича, ушбу кўнгилли гуруҳлар АҚШ ва коалиция ҳарбийларига қарши ҳужумларга, жумладан 15 февралда Эрбилда содир этилган ҳужумларга алоқадор ҳисобланади. Бундан ташқари, америкаликларга қарши янги ҳужумларга тайёргарлик кўрилган. 

Зарбалар берилгандан кейин Пентагонда ҳужумни амалга оширишда ҳарбийлар Ироқдан олинган разведка маълумотларига таянишгани айтилган.

АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби маълумотларига кўра, авиазарбалар 2та F-15 қирувчи самолёти ёрдамида Ироқ билан чегарада жойлашган Абу-Камол шаҳридаги объектларга берилган. Натижада кўнгилли гуруҳларга тегишли 9та объект йўқ қилинган, яна 2тасига жиддий зиён етган. 

Байден авиазарбалардан кейин Эронни ҳаракатлари жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирган.

Мавзуга оид