Жаҳон | 22:20 / 28.02.2021
7940
2 дақиқада ўқилади

Эрон ядро келишуви бўйича ЕИ ва АҚШ билан музокаралардан бош тортди - WSJ

Фото: AFP /Getty Images

Эрон ҳукумати ядро келишуви бўйича АҚШ ва Европа иттифоқи билан музокаралар олиб боришдан бош тортди. Бу ҳақда икки юқори мансабдор дипломатга таяниб Wall Street Journal нашри хабар берди

Таъкидланишича, музокаралар яқин ҳафталарда ўтказилмайди. Расмий шахслар ҳозирча бу масала бўйича изоҳ беришмаган.

Бундан аввал АҚШ халқаро воситачилар “олтилиги” иштироки ва Европа иттифоқи воситачилигида Эрон билан ядро келишуви бўйича музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирганди. Эрон бунга жавобан ўзига қарши киритилган санкцияларнинг бекор қилинишини талаб қилган.

Аввалроқ Британия, Германия ва Франция Эронни ядро келишувини бузишда айблаганди. 

2015 йилда Россия, АҚШ, Франция, Британия, Хитой ва Германия Теҳронга қарши киритилган санкциялар бекор қилиниши эвазига Эрон ядро дастурининг музлатилиши бўйича Эрон билан ядро келишувини имзолаганди. 2018 йил майида АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтоннинг ушбу келишувдан бир томонлама равишда чиқишини эълон қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид