Жамият | 17:00 / 03.03.2021
8807
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамда Саратов давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида янги факультет очилади

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Самарқанд давлат тиббиёт институтига Саратов давлат тиббиёт университетидан делегация ташриф буюрди. Учрашув давомида икки тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасида меморандум имзоланди.

Бугунги кунда тиббиёт соҳасининг етук ва малакали вакилларига эҳтиёж катталиги сир эмас. Шу мақсадда, Самарқанд давлат тиббиёт институти Саратов давлат тиббиёт университети билан анчадан буён ҳамкорликда 100 дан ортиқ вебинарлар, конференциялар ҳамда кўплаб маҳорат дарслари ташкил қилиб келаётган эди.

Ушбу ҳамкорлик натижаси ўлароқ 2 март куни СамДТИ ректори Жасур Ризаев ҳамда Саратов давлат тиббиёт университети ректори Андрей Еремин ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида меморандум имзолашди.

Меморандумда доирасида СамДТИ ўқув жараёнларига Саратов давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчиларини жалб этишга келишиб олинди. Ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, талабалар, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун ўзаро интеграл дарслар, маъруза ва маҳорат дарслари ташкил қилинади. Беморлар телемедицина доирасида масофавий кўрикдан ўтказилади ва консилиумлар ташкил этилади.

Мазкур нуфузли университет билан ҳамкорликда фармация йўналишида қўшма таълим дастури (3+2) ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Меморандумдан сўнг меҳмонлар СамДТИ 2-клиникасида бўлдилар. 2-клиника бош шифокори Ж.Шамсиев ҳамроҳлигида клиник бўлимлар, операция бўлинмалари, клиник лаборатория ва маслаҳат блоки кўздан кечирилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва клиника ходимлари мулоқотга киришди.

Саратов давлат тиббиёт университети ректори Андрей Еремин соҳани ривожлантириш мақсадида давлатимизда олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.

Ушбу келишувлар, илмий-амалий ҳамкорлик икки томонлама ҳам манфаатли бўлиши, соҳа ривожига сезиларли ҳисса қўшиши эътироф этилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид