19:52 / 03.03.2021
4404

Янгийўлда ўзганинг 8 сотих ерини 12 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Тезкор тадбир давомида ўзганинг ерига қалбаки ҳужжат тайёрлаб берган Янгийўл тумани кадастр бўлими собиқ ходими ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Аниқланишича, фуқаро А.У. бошқа бир шахсга Янгийўл туманида жойлашган аслида ўзиники бўлмаган 8 сотих ерни ўзига тегишли эканлигини айтиб, 12 минг долларга сотмоқчи бўлади. Ернинг ҳужжатларини кадастр бўлимида ишлайдиган танишлари орқали расмийлаштириб беришга ваъда қилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиҳаёт туман бўлими томонидан ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда А.У. 12 минг долларни олган вақтида ушланади. Унинг кўрсатмаси асосида тезкор тадбир давом эттирилиб, Янгийўл тумани кадастр бўлими собиқ ходими А.А. «Ер томорқасини бириктириш тўғрисида»ги қалбаки ҳужжатни А.У.га бериб, эвазига 2300 доллар олган вақтда қўлга олинади. Суриштирув давомида собиқ ходим суд ҳукми билан фирибгарлик жинояти учун айбли деб топилиб, озодликни чеклаш жазосини ўтаётгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28-моддаси (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижонда ўзига тегишли бўлмаган 1 гектар ерни 45 минг долларга, Паркентда беш гектар ерни 1 млн долларга, Бўстонлиқда 5 гектар ерни 300 минг долларга, Булунғурда 20 гектар ерни 300 миллион сўмга, Сирдарёда 2,5 гектар ерни 66 млн сўмга, Сергелида ижарага олган 11 сотих ерини 37,5 минг долларга, Тўрақўрғонда 80 сотих ерни 29 минг долларга, Янгийўлда 8 сотих ерни 10 минг долларга, Боғдодда 8 гектар ерни 8 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинган эди.

Top