Жамият | 20:00 / 04.03.2021
17190
6 дақиқада ўқилади

«Асакача иш услуби–2»: Ёлғон ахборот, ўзгартирилган хабарлар, аммо ўзгармаётган вазият

2 март куни Kun.uz сайтида «Асакача иш услуби: ўрганилмаётган ва эътиборсиз қолдирилаётган муаммолар» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мухбир Абдували Қурбонов мақоласида Kun.uz’нинг Андижон вилояти бўйича Телеграм каналида ёритилган бир қанча мурожаатлар Асака туман ҳокимлиги томонидан эътиборсиз қолдирилгани ва муносабат билдирилмагани танқид остига олинганди. Яна бир бор эслатамиз - мақоладан мурод - камчилик ва муаммоларга туман мутасаддиларининг эътиборини тортиш, эълон қилинаётган мурожаатларга муносабат билдирилишини ташкил этишга чорлаш эди.

Афсуски, мақолага тез орада берилган муносабатда ёлғон маълумотлар берилгани, кўзбўямачиликка асосланилгани, ниҳоят, ҳокимлик яна ўзига хос ўша «янгича иш услуби»ни танлаганига гувоҳ бўлдик.

Вилоят ҳокимлиги томонидан эълон қилинган расмий муносабат бандларига бирма-бир тўхталсак.

20 январ куни Kun.uz’нинг Андижон вилояти бўйича Телеграм каналида тумандаги деҳқон бозори олдидаги автомобиллар пала-партиш жойлашиши оқибатида йўллар тўсилиб қолаётгани, мазкур ҳолат пиёдалар ва бошқа ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдираётгани юзасидан мурожаат ҳамда вазиятнинг фотоси эълон қилинганди.

Телеграм каналида эълон қилинган фотосурат. Туман деҳқон бозорининг олд қисмидаги ҳолат.

Мурожаатда туман бозорининг ОЛДИдаги дейилганига қарамасдан, вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг расмий муносабатида умуман бошқа жойда амалга оширилган ишлар тилга олинган.

Вилоят ҳокимлиги муносабатида берилган фотосурат: Асака деҳқон бозорининг бошқа томони.

Асака деҳқон бозорининг олд қисмининг 3 март кунги ҳолати.

Бу ҳам етмагандай, туман ҳокимлигининг расмий телеграм саҳифасида қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин. Гўёки, ҳокимлик Kun.uz Телеграм каналида ёритилган мурожаатларга 20 январ куни, ўз вақтида муносабат билдирган экан. Энди қуйидаги скриншотларга диққат билан қаранг.

2 март куни Kun.uz сайтида мақола эълон қилингандан сўнг туман ҳокимлиги Телеграм каналида 20 январ куни эълон қилинган «Яхшиликка етакловчи ўгитлар» сарлавҳали хабар ўрнига мурожаатлардан бирига расмий муносабат жойлаштириб қўйилган.

17 феврал куни «Чек» МФЙда жойлашган хонадонлар олдидан ўтган ариқдаги сув сабаб уйлар нураб тушаётгани ҳақидаги видеохабарга ҳокимлик қуйидагича жавоб берган:

«МФЙ ҳудудидан ўтган ариқда шу маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли билан биргаликда чопиб, тозалаш ишлари олиб борилди. Ҳозирда маҳалла аҳолисига янада қулайлик яратиш мақсадида янги кўприк ҳам қуриб битказилмоқда. Ҳозирда кўприк қурилиши давом этмоқда. Айни кунларда кўприкнинг ост қисмига бетон қуйилгани сабабли у қуриб бўлгандан сўнг кўприк устига панжаралар қўйиб, ёпиш ишлари амалга оширилади».

Ушбу мурожаатни сайтга йўллаган фуқаро билан суҳбатда маълум бўлдики, аслида ҳокимлик томонидан ҳеч қандай иш амалга оширилмаган. Янги кўприкни мурожаатчи ўз шахсий маблағлари эвазига қуриб битказмоқда.

«Чек» МФЙда фуқаро ўз маблағлари ҳисобидан барпо этаётган кўприк

Бу ҳам етмаганидек, янгича иш услубини ўйлаб топган туман ҳокимлиги мутасаддилари яна Телеграм каналидаги эски хабарлардан бирини таҳрир қилиб, уни расмий муносабатга ўзгартирган. Бу сафар «Асакада ободонлаштириш давом этмоқда» сарлавҳали хабар «қурбон» қилинган.

23 феврал куни «Дўрмон» МФЙ, Дўрмон кўчасига ичимлик суви тушириш ишлари охирига етказилмай ташлаб кетилгани ва 25 феврал «Кун фотоси» рукни остида тумандаги «Арғин» МФЙ, Жонон кўчасидаги ҳолат ҳақидаги хабарларга эса «Андижон сув таъминоти» МЧЖ Матбуот хизмати каналида муносабат билдирилгани таъкидланган. Бироқ муносабатларнинг ҳар иккиси ҳам мақола Kun.uz сайтида эълон қилинган кун — 2 март куни билдирилган.

Юқоридаги мисоллардан ва суратлардан кўриниб турибдики, 2 март куни Kun.uz сайтида эълон қилинган танқидий мақоладан сўнг Асака туман ҳокимлиги мутасаддилари журналистларнинг кўзини шамғалат қилиб, эски хабарларни кераклисига ўзгартириб қўйиб, ҳамма иш ўз вақтида қилинган қабилида иш тутмоқда. Жўн қилиб айтганда, кўзбўямачилик билан шуғулланмоқда.

Андижон вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати эса уларнинг бу ҳаракатини текшириб ўтирмасдан, уларга ишонган ҳолда расмий муносабат билдирмоқда ва гўёки Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар келтирилгандек, тасаввур уйғотилмоқда.

Бироқ ёлғоннинг умри қисқа. Бизнинг мақсад — кимнингдир айбини ошкор қилиш эмас, шунчаки, кўтарилган масалаларга эътибор қаратилиши, муаммоларга ечим изланиши ва фуқароларнинг яшаш тарзи яхшиланиши.

Юз бераётган воқеалардан тегишли мансабдорлар ва ташкилотлар ўзлари учун керакли хулосалар чиқариб олишларига умид қиламиз. «Янгича ишлаш» услубларидан эса халқ хизмати учун фойдаланишни тавсия этамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Абдували Қурбонов (фотолар),
Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид