Ўзбекистон | 10:55 / 04.03.2021
2503
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва БАА янги инвестиция лойиҳалари бўйича ишчи гуруҳ тузади

Фото: Dunyo

Кеча, 3 март куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруи билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Музокаралар чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларидаги жорий ва истиқболли лойиҳалар, шунингдек, Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари инвестициявий ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида умумий қиймати қарийб 400 миллион долларлик 17 истиқболли инвестиция лойиҳасини ўрганаётган Ўзбекистон - Амирликлар қўшма инвестиция компанияси фаолияти ижобий жиҳатдан кўриб чиқилди.

Учрашувда Ўзбекистон томони Амирликлар тарафига тиббиёт муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архивининг янги биноси қурилишида кўрсатилаётган молиявий-техник ёрдам учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Шу билан бирга, томонлар савдо-инвестициявий соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини қайд этди. Қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, логистика, металлни қайта ишлаш ва молиявий хизматлар каби соҳаларда янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ тузиш юзасидан келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид